Энди юқори инстанция судларига янада катта масъулият юкланади — Қонун лойиҳаси

12:29 01 Август 2023 Сиёсат
430 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида «Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан атрофлича кўриб чиқилмоқда.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек фуқаролар ва тадбиркорларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, суднинг ажрими устидан шикоят бериш масаласида янги институт – суд ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилмоқда. Яъни, қонун лойиҳасида туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда аппелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати бериляпти.

Бу тартиб амалга ошиши билан одил судловга эришининг имкониятлари янада кенгаяди. Бунда биринчи инстанция судининг қароридан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижасидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилади.

Суд ишидан яна норози бўлинган тақдирда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқилган ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатида қайта кўриб чиқилади.

Энди юқори инстанция судларига янада катта масъулият юкланиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибининг бекор қилинаётгани ҳам суд ҳужжатидан норози шахснинг юқори инстанцияга ишончини мустаҳкамлайди.

Ушбу қонун лойиҳаси суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш механизмини янада такомиллаштиришга ҳамда суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибини жорий этиш орқали одил судлов сифатини ҳамда фуқаролар ва тадбиркорларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан моддама-модда муҳокама қилинди ва учинчи ўқишда қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер