Энди шифоси хорижда эмас, ўзимизда

14:04 09 Август 2024 Жамият
350 0

Инсон учун энг катта бойлик — унинг саломатлиги! Мирзаободлик 68 ёшли бемор ҳам бунга юрак-қон томири касаллиги хуружига учрагач яна бир бор амин бўлди. Яқинлари унга Тошкентдаги академик В. Воҳидов номли Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказига мурожаат қилишни тавсия қилишди. Лекин ташхис учун Гулистон тиббиёт кластерига келган отахоннинг пойтахтга боришига ҳожат қолмади. Етакчи мутахассислар томонидан шу ернинг ўзида ўтказилган жарроҳлик амалиётида унга учта коронар қон-томирига шунт қўйилди. Эътиборлиси, операция катта кесмаларсиз, танада учта кичик тешик ҳосил қилиш орқали амалга амалга оширилган. Замонавий технологиялар асосида ўтказилган амалиёт пайтида сунъий қон айланиш тизимига зарурат бўлмади. Бир неча кун ўтгач эса ота касалликдан тўлиқ халос бўлиб, ўзнинг набиралари, яқинлари бағрига қайтган. Эътиборлиси, жорий йилнинг ўзида 217 нафар шахсда ана шундай ўта мураккаб амалиёт ўтказилган.

Эътироф этиш керакки, Президентимизнинг соҳани ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари натижасида Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш тизими ҳам ривожланиш сари юз бурди. Шифохоналарга замонавий технологиялар жорий қилина бошланди. Хориждан энг сўнгги русумдаги тиббий жиҳозлар, диагностик воситалар олиб келинди. Вилоятнинг ўзида шифокорлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Шу каби хориж ва республика илмий-амалий марказларининг етакчи мутахассислари ишга жалб қилинди.

Мамлакатимизда илк бор Сирдарё вилоятида тажриба тариқасида тиббий суғурта тизими жорий этилди. Бу эса юқори технологияли жарроҳлик амалиётига муҳтож беморларни оёққа турғизиш, соғлом ҳаётга қайтаришда ниҳоятда қўл келмоқда. Олдинлари хорижда ва пойтахтда ўтказилган мураккаб жарроҳлик амалиётларини нафақат вилоят марказида, балки туман тиббиёт бирлашмаларида амалга ошириш имконини берди. Хусусан, ўтган йили академик В. Воҳидов номли Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали ва етакчи мутахассислари билан биргаликда Гулистон, Мирзаобод, Сирдарё туманларида ана шундай амалиётлар ўтказилди. Жумладан, Гулистон туманида истиқомат қилувчи 34 ёшли туғма юрак нуқсони бор беморда туманнинг ўзида очиқ жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, нуқсон пластика йўли билан бартараф этилгани кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлганди.

Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология, кўз микрохирургияси, кардиология, шошилинч тез тиббий ёрдам илмий-амалий тиббиёт марказларининг Сирдарё вилоят ҳудудий филиалларида ҳам бир пайтлар имконсиз бўлган мураккаб даволаш амалиётлари амалга оширилмоқда. Қувонарлиси, айни операцияларда маҳаллий шифокорлар ҳам муваффақиятли иштирок этишни бошлади. Бунда пойтахтдан келган етакчи мутахассислар билан туман-шаҳарлардаги шифокорлар ўртасида устоз-шогирд анъаналарининг йўлга қўйилгани катта аҳамиятга эга бўлди.

— Жорий йилнинг 6 ойи давомида Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли шифохоналарда 12 минг 430 нафар беморда жарроҳлик амалиёти ўтказилди, — дейди Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Юсуф Мирхонов. — Эътиборлиси, шундан 2300 таси юқори технологик жарроҳлик амалиётидир. Айниқса, саккиз нафар фуқарода ўтказилган буйрак трансплантацияси улар учун қайта ҳаёт эшигини очиб берди.

Яқин-яқингача ўта мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун пойтахтга, хорижга боришга мажбур бўлинарди. Оворагарчилик, навбат кутиш, қўшимча харажат катта муаммоларни келтириб чиқарарди. Энди эса аҳвол бутунлай ўзгача: бугунги кунда Сирдарё вилоятидаги тиббиёт муассасаларида нафақат маҳаллий, балки яқин-атрофдаги хориж фуқаролари ҳам даволанмоқда. Бу эса тиббий туризмни ривожлантиришга ҳам ижобий таъсир қилган. Жорий йилнинг ўзида Гулистон тиббиёт кластерида қўшни давлатларнинг олтмишдан ортиқ фуқаролари даволанди. Улар кластерда трансплантациялаш, тотал эндопротезлаш, юрак-қон томир тизимидаги тромбларни стентлаш орқали ўз дардларига шифо топишган.

— Муассасамизда жорий йилнинг ўзида 132 нафар беморда юқори технологик амалиётлар ўтказилди, — дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиали директори Сундир Ўринбоев. — Шулардан 47 таси муқаддам давоси йўқ ҳисобланган онкогематологик, 28 таси кўкрак бези, 28 таси ошқозон-ичак тракти ўсма касалликлари билан боғлиқ. Энг муҳими, ушбу амалиётларни ўтказиш учун беморларнинг республикадаги илмий-амалий тиббиёт марказига мурожаат қилишига ҳожат қолмади.

Бир сўз билан айтганда, Сирдарё тиббиётида юз бераётган мана шундай ҳаётбахш ўзгаришлар инсонларга саломатликдек бебаҳо неъматни сақлаб қолиш, ҳаётларини янада узайтиришда катта имкониятлар эшигини очмоқда.

Ғулом ПРИМОВ,

Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот котиби.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер