Энди хоҳлаган киши «UzAutoMotors»нинг акциядорига айланиши мумкин
Архив сурат
Ҳа, янглишмадингиз! Қандай қилиб, дейсизми? Бунинг учун Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари орасидаги энг йирик компания акцияларини сотиб олишнинг ўзи кифоя. Зеро, у ўз акцияларини илк бор фонд биржасига жойлаштирмоқда. Уни юридик шахслар билан бир қаторда жисмоний шахслар ҳам сотиб олишлари мумкин.
— «UzAutoMotors» 2020 йилдан буён Ўзбекистондаги энг йирик солиқ тўловчилардан бири ҳисобланади, — дейди компания вакили Фарруҳбек Абдусаломов. — Унинг 2021 йилдаги соф даромади 166 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Шу йили ўз акциядорларига 8,5 миллион АҚШ доллари миқдорида дивиденд тўлади. 2026 йилга келиб даромади 2021 йилга нисбатан 2 баробарга ортишини ҳисобга олсак, унинг акцияларини сотиб олиш энг истиқболли режалардан бири эканлиги кўриниб турибди.
Андижон шаҳридаги «Ҳамкор» бизнес марказида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, «UzAutoMotors» АЖ ҳамда «Freedom Broker» халқаро инвестиция компаниялари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир бўлиб ўтди. Юзлаб инвесторлар иштирокидаги ушбу тадбирда компания акцияларини сотиб олиш тартиблари ва афзалликлари, молиявий ютуқлари ҳақида маълумот берилди.
— Компания акцияларини биржада жойлаштириш жараёни Ўзбекистон ва хорижда катта тажрибага эга бўлган «Freedom Broker» халқаро инвестиция компанияси томонидан амалга оширилмоқда, — дейди мазкур компания вакили Дастан Досабаев. — У дунёнинг 12 та давлатида фаолият юритувчи «Freedom Holding Corp» халқаро холдинги таркибига киради. Бу эса АҚШ, МДҲ ва Европа фонд бозорларига тўғридан-тўғри кириш имконини беради.
Тадбир давомида маълум қилинишича, «UzAutoMotors» компанияси хусусийлаштирилишининг биринчи босқичида «Тошкент» республика фонд биржасида 5 фоизгача акцияларини жойлаштиради. Бу билан инвесторлар компания акцияларини биринчилардан бўлиб адолатли нархда сотиб олиши имконияти яратилади. Зеро, молиявий таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, кейинчалик уларнинг нархи ошиши кутилмоқда. Бунга автомобиль ишлаб чиқарувчининг рентабеллиги туфайли унинг қимматли қоғозларига нисбатан хорижий ва маҳаллий инвесторлар орасида талаб ортиши тахмин қилинмоқда. Дарвоқе, ушбу компания акцияларига «Frontera Capital», «Газпромбанк», Осиё тараққиёт банки, «Bank of New York Mellon» каби халқаро молия ташкилотлари томонидан ҳам қизиқиш билдирилмоқда.
— Қимматли қоғозлар бозорида даромад олишни бошлаш учун катта миқдордаги маблағни киритиш шарт эмас, — дейди Дастан Досабаев. — Инвесторлар брокерлик ҳисобини очиб, даставвал қимматли қоғозларнинг синов пакетини сотиб олишлари мумкин. Ўзбекистон капитал бозорини ривожлантириш мақсадида «UzAutoMotors» акциялари харидорлари ўртасида «Chevrolet Tracker» автомашинаси ютуқ сифатида ўйналади.
Тадбир ташкилотчиларининг таъкидлашича, айни пайтда «UzAutoMotors» тез юрар поездга ўхшайди. Унинг фаолияти шу қадар шиддат билан давом этмоқдаки, бу корхонани келажакда истиқболли манзил кутаётганидан далолатдир. Тез юрар поездга ҳар доим ҳам чипта топилавермаслигини инобатга олсак, компания акцияларини сотиб олиш учун ҳозир энг қулай пайт ҳисобланади.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Реклама ҳуқуқи асосида.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг