Элнинг ризқига кўз олайтирманг
Иллюстратив фото
Файласуфларнинг айтишича, давлат маблағига хиёнат қилганнинг косаси оқармайди. Қадимда ҳам ҳозир ҳам шундай. Чунки унда энг аввало ногиронлару ўзгалар ёрдамига эҳтиёжманд, камбағал одамларнинг ҳаққи бор. Ўмариш деймизми, сохталик ё талон-тарож деб атаймизми, нима дейилишидан қатъий назар бу жиноятни маълум бир муддат ҳеч ким билмаслиги мумкин, ҳатто давлат ҳисобидан таралла бедод қилиб юрганларни ҳам баъзан кўриб қоламиз, аммо вақт ўтгач текширувчи келадию барчаси сув бетига қалқиб чиқади, ғирромлик тутунига тўлган пуфак пақ этиб ёрилади, осон пул топиш илинжида оғизга солинган “луқма” қармоқнинг ўткир учи мисоли томоққа тиқилади. Ана шундай кейин томошани кўринг. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментидан олинган қуйидаги мисоллар фикримизнинг яққол исботидир.
—2026 йил 19 январ куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида “Firdavs Agro Market” ва “Agro Smart Pro” МЧЖ раҳбарларининг 2023-2024 йиллардаги жиноий ҳаракати бўйича иш кўриб чиқилди, — дейди дейди департамент бошлиғининг маслаҳатчиси Нурбек Халимов. — Маълум бўлишича, бозорни арзон қиламиз, аҳоли учун қулайлик яратамиз, дея давлат идорасини ишонтирган сохта тадбиркорлар Самарқанд вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш” жамғармасидан катта миқдордаги пулни олишгану асосий мақсад — кундалик эҳтиёж маҳсулотларининг арзонлаштирилган савдосини ташкил этишни буткул унутишган. Оқибат уч йил ўтмай ғаройиб бизнес эгалари “тўр”га илинди. Давлатнинг пули тўғри сарфландими, деган мақсадда ўтказилган текширишда ҳаммаси ойдинлашди, ҳужжатлар тилга кириб айбдорларни тутиб берди. Қоғоз гапиради, дегани шу бўлса керак. Бу “учар” тадбиркорлар қонун ҳимоячиларига рўбарў бўлгач, давлатдан олган пулларини ҳам бирпасда тўлашди, устига устак уларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида жарима ҳам қўлланди. Ваҳоланки, мазкур МЧЖ ларга берилган 15 миллиард сўмга яқин маблағ мақсадли ишлатилганида,пулнинг бир қисми кайф-сафога сарфланмаганда, сих ҳам кабоб ҳам куймасди, деҳқон бозори арзон ва сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотларига тўлган, тадбиркорлар эса отнинг калласидек жарима тўламаган, судма суд, терговма тергов юрмаган бўларди. Яхшики, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-модданинг 4-қисмида “Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди“ деб ёзиб қўйилган. Акс ҳолда “озодлик” дегани узоқ йиллар уларнинг тушига ҳам кирмасди.
Нурбек Ҳалимовнинг таъкидлашича, “Toshkent qishloq xoʻjaligi texnikasi zavodi” АЖда логистик ва эҳтиёт қисмлар омборхонаси бошлиғи бўлиб ишлаган шахснинг қилмиши янада ғаройиб. У завод раҳбарлари томонидан билдирилган ишончга хиёнат қилган ва завод омборида турган жами баҳоси 352 млн.155 минг 915 сўмлик «ТТЗ-812» русумли тракторларнинг 23 турдаги 1439 дона эҳтиёт қисмларини талон-торож қилган.
—Бу қинғирлик тўрт йил ўтгач, тафтиш чоғида ошкор бўлди, —дейди Нурбек Халилов сўзини давом эттириб.— “Ҳужжатларни кўрайлик, омборни очинг-чи,” дейишганда айбдорнинг оёқлари қалтираб кетди, қизарди, бўзарди, турли баҳоналар тўқиди, аммо қоғоздаги имзолару рақамларни йўқота олмади. “Эҳтиёт қисмлар қанот чиқариб учиб кетдими,” дейишди заҳархандалик билан тафтишчилар. Бунга айни шу тафтишни ўтказишга бел боғлаган завод маъмурияти ҳам ҳайрон қолди. Оқибат уддабурон омборчи етказилган зарарни тўлиқ қоплади. Сўнг ўтган йил 17 июл куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди жиноятчини 1 (бир) йилга моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилди ҳамда иш ҳақининг йигирма фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган шарти билан 2 (икки) йиллик ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.
Яна бир ҳолат. Бундан икки йил аввал 23 апрел куни жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди “Ёрқинҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғини биносига келиб очиқ сайёр суд мажлисини ўтказди. Айбланувчи Янгиҳаёт тумани тиббиёт бирлашмасининг собиқ бош ҳисобчиси “FULL PHARM” МЧЖдан умумий қиймати 338.990.000 сўм бўлган “ИВЛ SV600” русумли сунъий нафас олиш ускунаси ўрнига “MINDRAY-SV 350” бўлган ускунасини (нархи 283.122.298 сўм) олади ва бу икки техника ўртасидаги фарқ — 112.735.404 сўмлик бюджет маблағини ўз фойдасига ҳал қилмоқчи бўлади. Ким билади дейсиз, ўша маҳал шифокорлару жамоанинг назарида ҳалол-покиза кўринган бу одам “тежаб қолинган” пулни нималарга сарфлашни кўзлаган бўлса?.. Қайсидир оғир хаста ва кўмакка жуда муҳтож одамга “мени маошим шундоғам юқори, манавини олингу ишлатинг, соғайиб кетинг”, демоқчи бўлгандир. Бу шунчаки яхши ният — фақат киноларда кўрсатилиши мумкин, асло суд курсисига ўтирган одамнинг фаолиятида эмас. Қизиғи шундаки, мазкур ускуналар хариди бўйича шартнома “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга асосан Xarid.uz сайти орқали электрон шоп дўкон орқали расмийлаштирилган. Собиқ бош ҳисобчи “FULL PHARM” МЧЖдан 2 дона “MINDRAY SV350” русумли тиббиёт ускуналарини олиб келган ва бир муддат омборда сақлаган ҳам. Сўнг уни шаҳардаги 1-сонли туғруқхонага топширгани олиб борганда режа чиппакка чиқади. Туғруқхона мутасаддилари “Бу матоҳинг бизга керак эмас, тағин нархи ўзгартирилган,” дея тиббиёт бирлашмасининг бош ҳисобчини ҳайдаб солади. Агар улар ҳам ими-жимида, чойчақага кўниб ҳужжатга қўл қўйганда борми, судда мунғайиб ўтирганлар сони каррасига ошарди. Яхшики, очиқ суд мажлисида таъкидланганидек, жиноятчи давлатга етказилган зарар яъни 112.735.404 сўм пулни тергов органининг депозит ҳисоб рақамига тўлади. Шунга мажбур бўлди. Устига устак у суд ҳукмига кўра, 1 (бир) йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди, шунингдек собиқ бош ҳисобчига иш ҳақининг 15 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Аслида мазкур суднинг очиқ тарзда маҳалла биносида ўтказилгани, қонун талабига кўра жиноятчи, деб ном олган масъулларнинг номини ошкор қилмаганимизда ҳам бир ҳикмат бор. Аввало тиббиёт тизимида, одамлар саломатлиги учун ажратилаётган пулни “туя” қилмоқчи бўлган одамнинг қилмишини, унинг тавбасини маҳалла аҳли кўрди, билди. Унинг ўзи бундан минг карра афсусда. Кўр ҳассасини бир марта йўқотади, деганларидек юқоридаги жиноий ишлар қаҳрамонлари — айбдорлар бошқа адашмайди, шунга умид қиламиз. Қолаверса мақоламизда уларнинг номини тилга олиш ҳам муҳим эмасди. Бахтиёрми, Азизми, Шуҳратми, гап исмда эмас. Энг муҳими биз тилга олган воқеалар бошқаларни ҳушёрликка чорлайдими, гап ана шунда. Негаки, давлатнинг ҳар бир сўмини мақсадли ишлатиш, уни юрт фаровонлигига хизмат қилдириш – бу том маънода инсоний бурч, ватанпарварлик демак. Айниқса бугун, давлатимиз тараққиёт сари дадил одимлаётган маҳал. Бу йўлдан атай “адашган”у, қонун талабини унутганлар эса шак- шубҳасиз, одил суд олдида тиз чўкади, тавба қилади.
Абдунаби АЛИҚУЛОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг