Эл-юртга эътибор, аввало, тилга эътибордан бошланади

17:40 11 Апрель 2020 Жамият
964 0

1989 йил 21 октябрь куни “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинган эди. Ўзбек тили ўтган йиллар давомида мамлакатимиздаги юздан ортиқ миллат ва элат вакилларини ўзаро боғлайдиган меҳр-оқибат тилига айланди.

Президентимизнинг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида алоҳида таъкидлаганидек, ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлисида маъқулланган ва давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни она тилимизнинг мавқейини янада оширишга мустаҳкам пойдевор бўлади. Қолаверса, давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора ортиши ҳамда хорижий мамлакатларда тилимизга эътибор ва уни ўрганишга бўлган қизиқиш кучайишига хизмат қилади.

Ўзбек тили байрами нишонланиши, энг аввало, шу заминда истиқомат қилаётган миллионлаб юртдошларимиз ҳамда дунёнинг турли ҳудудларидаги тилдошларимизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Эндиликда 21 октябрь кунида ўзбек тили байрамини нишонлаш билангина чекланмасдан, бир йил давомида тилимиз ривожи йўлида амалга оширилган ишларни танқидий таҳлил қилиш, турли илмий анжуманлар, акциялар ўтказиш, соҳа фидойиларини муносиб тақдирлаш каби ишларни ҳам амалга оширишимиз талаб этилади.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Конститутциясида мамлакатимиз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминланган, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиш белгиланган ва мазкур норма амалда тўлиқ ўз ифодасини топганлигини ҳам таъкидлаш жоиз.

Ушбу Қонун ҳар биримизнинг олдимизга давлат тили софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш, ўзбек тилининг ахборот ва коммуникация технологиялари, хусусан, Интернет жаҳон ахборот тармоғида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, ўзбек тилининг компьютер дастурларини яратиш каби ўта долзарб вазифалар қўяди.

Бахтиёр САЙФУЛЛАЕВ, Олий Мажлис Сенати
Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер