Экин дронлар ёрдамида парвариш қилинмоқда

12:26 12 Май 2023 Жамият
645 0

Фото: «Халқ сўзи»

Қоракўл туманидаги “Қаҳрамон Акбар пахтакор” фермер хўжалигига қарашли экин майдонлари узра учувчисиз қурилма – дрон парвози кузатилди. Унинг воситасида 29 гектар ер тасвирини олиш, лазерли майдон текислагич агрегатига координатлар юзасидан тегишли буйруқни етказиш, экинни суғориш юмушлари бажарилди. 

“Мергантекс” масъулияти чекланган жамияти негизидаги пахта – тўқимачилик кластери томонидан тажриба тариқасида амалга оширилган бу ишнинг Бухоро туманидаги “Ўктам Иброҳим Тўқли” фермер хўжалигида ўтказилган илмий – инновацион технологиялар кўргазмасидаги тақдимоти тўпланганларга катта қизиқиш уйғотди. 

Маълум бўлишича, мазкур кластер томонидан хориждан учта “AGRAS –Т 40” русумли учувчисиз учиш қурилмаси харид қилинган. Улар ёрдамида нафақат экинни суғориш, балки унга биологик ёки кимёвий ишлов бериш имконияти ҳам бор. Бу дронлар ҳар бири соатига 16 гектар майдондаги ўсимликни суғора олади. Ишчи ресурсларни тежайди. Энг муҳими, пахта етиштиришга сарфланаётган сув ва минерал ўғитни одатдагига қараганда 2,5 бараварга қисқартириш имконини беради. Вегетация даврини ҳам қисқартириб, ҳосилдорликнинг ошишига шарт – шароит яратади. 

Айтиш жоизки, ушбу пахта – тўқимачилик кластерида чигитни плёнка остида экиш, экинларни томчилатиб суғориш, минерал ўғитни сув қувурлари воситасида ўсимлик илдиз қисмига етказиш, суғоришнинг инновацион технологиялари учун зарур материалларни ишлаб чиқариш борасида яхшигина тажриба тўпланган. Учувчисиз учар қурилмаларнинг қўлланила бошланиши бу йўналишдаги навбатдаги дадил қадам бўлди. 

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер