«Дур диёр» гул диёрга айланмоқда
Фото: Халқ сўзи
Андижон вилоятида «Обод қишлоқ» Давлат дастурига асосан 32 маҳаллада кенг қамровли бунёдкорлик ишлари жадал суръатда олиб борилмоқда. Кундан-кунга янги қиёфа касб этиб бораётган «Дур диёр» маҳалла фуқаролар йиғини улардан бири.
Пахтаобод тумани марказидан 25 км олисда жойлашган ушбу манзил ижтимоий-иқтисодий аҳволи абгор даражага келиб қолган эди. Бундан, табиийки, шу ерлик аҳоли азият чекарди. Энди эса йўл, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, таълим, соғлиқни сақлаш каби йўналишлардаги узоқ йиллик муаммолар аста-секин барҳам топмоқда.

— Маҳалламиздаги энг катта муаммолардан бири умумтаълим мактабининг йўқлиги эди, — дейди 32-умумтаълим мактаби директори ўринбосари Шаҳноза Раҳимова. — Ўқувчилар энг яқин мактабга 3,5 км йўл босиб боришларига тўғри келган. Ҳатто қўшни Избоскан туманига қатнаб ўқийдиган фарзандларимиз ҳам бор эди. «Обод қишлоқ» Давлат дастури доирасида маҳалламизда 120 ўринли мактаб биноси қурилиб, фойдаланишга топширилгани ҳаммамизни қувонтирди. Ҳозирда яна 80 ўринли ўқув биноси барпо этилмоқда. Мактабимизда ўғил-қизларнинг таълим олишлари учун барча шароитлар яратилган.
Нафақат мактабга, балки барча манзилларга элтувчи ёзда чанг, қишда лой кўчалар энди маҳалла аҳлининг хотирасида қоладиган бўлди. Сабаби, кўчаларда бетон қопламали йўл ётқизилмоқда.
— Шу билан бирга 2 ярим км масофага янги сув қувури тортилиши эвазига таъминотдаги узлуксизликка эришилди,— дейди «Андижон сув таъминоти» МЧЖ матбуот хизматининг раҳбари Марҳабохон Насриддинова. — Маҳалладаги ҳар бир хонадонга сув жўмраклари ҳамда таъминотдаги шаффофликни таъминлаш мақсадида «ақлли» ҳисоблагичлар ўрнатилди.

Яқин-яқингача қишлоқ жойларда электр таъминотидаги узилишлар асосий муаммолардан бири бўлиб келгани сир эмас. Бироқ «Дур диёр»аҳли энди бундан ташвишланмаса ҳам бўлади. Ҳудудга ўрнатилган янги электр трансформатори билан муаммо ечилди. Шу кунларда эски симёғочларни замонавий бетон симёғочларга алмаштириш ишлари давом этмоқда.
Мактабгача таълим ёшидаги болажонлар ҳам эътибордан четда қолгани йўқ, албатта. Ҳозирда қишлоқда 120 ўринли мактабгача таълим ташкилотини қуриш ишлари авжида. Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 53-оилавий поликлиникасининг ҳудуддаги тиббий пункти ҳам таъмирланиб, замон талабларига мос қулайликлар яратилди.
«Дур диёр»да 3 минг аҳоли истиқомат қилади. Манзилдаги ўзгаришлар уларнинг орзу-умидларини рўёбга чиқармоқда. Келажакда эмас, балки бугун фаровон яшашдек бахт сурурини бу ерга келган киши илк палладаёқ пайқаши қийин эмас.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг