Дунёни меҳр асрайди
Иллюстратив фото
Нуронийлар ҳаётимиз файзи, фариштаси. Бундай инсонлар умргузаронлик қиладиган хонадонлардан ҳеч қачон меҳмон қадами узилмайди. Файзли дастурхон атрофида, бир пиёла чой устида пиру бадавлат инсонлар билан суҳбатлашсангиз, уларнинг ҳар бир сўзи, ўгити ҳаёт мактаби. Тийрак нигоҳли, кенг феълли кексаларнинг суҳбати худди новвот чойга ўхшайди: хўплаб, сипқориб тўймайсиз!
Болалигимизда эрта кўкламда кўм-кўк майсалар устида бобо-бувиларимиздан эртаклар, ривоятлар эшитиш жону дилимиз эди. Шеърхонлик, ғазалхонлик кечалари завқи, шукуҳи ҳамон ёдимизда. Бизнинг назаримизда хат-саводи бўлмаган бувиларимиз мумтоз шоирларимиз ғазалларини ёддан қойилмақом тарзда айтиб беришарди.
Бободеҳқонлар умид билан ерга уруғ қадаш тараддудига тушганда, дарахтлар қиш уйқусидан уйғониб, борлиқда музаффар ҳаёт нафаси барқ уриб яшнай бошлаганида маҳалла аҳли жам бўлиб, дошқозонда сумалаклар соларди. Баҳор таомлари тайёрланиб, энг аввало, бемор, якка ёлғиз нуронийларга тарқатиларди. Бу ишда бўз болалар беминнат дастёр эдик.
Маҳалламиз нуронийлари хонадонларига кириб борар эканмиз, улар меҳр билан бошимизни силашар, киссамизни қанд, майиз, ўрик туршаги билан тўлдиришарди. Қўлларини дуога очиб, роса эзгу ният қилишларидан севиниб еттинчи осмонда учганмиз. Шунинг учун кунда кунора уйда иссиқ нон ёпилганда бувиларимиз алоҳида оқ дурраларга ўраб, улуғ ёшли қўни-қўшниларга бериб келишни тайинлаганида биздан бахтли одам йўқ эди.
Бугун мулоҳаза қилиб кўрсак, бундай йўқловлардан мақсад шунчаки қорин қайғуси бўлмаган. Чунки бир бурда нон ёки ярим коса обиёвғон билан кексаларнинг қорни тўйган. Бу меҳр-оқибатнинг ёрқин ифодаси эди. Бир қарашда оддий, лекин жуда ҳам ҳаётий фалсафа. Бугун бу борадаги баъзи анъаналар эскирди, лекин меҳр-оқибат тушунчалари ҳеч қачон эскирмайди.
Яхшики, хаёл бор. У сизни бир зумда еттинчи осмонда сайр қилдиради. Баъзан ширин хотиралар оғушида болалик даврига қайтамиз. Дунёнинг дарду ташвишлари бўлмаган беғубор болаликни эсга олишнинг ўзи завқли. Дала уватларидаги жийдалар, серҳосил шохлари ерга теккудай нон беҳилар, зилол сувли ариқларда оқиб келадиган қирмизак олмалар, оламга ва одамга ўзгача эътиборли Меҳрихон аялар, Меҳринсо бувилар, қалби яхшилик ва эзгуликка йўғрилган донишманд боболар…
— Бугун халқимизга хос бундай қадриабад қадриятлар йўқолиб кетмаслиги керак, — дейди Фарғона давлат университети профессори Сиддиқжон Мўминов. — Янги авлодлар бундай туйғулардан бебаҳра бўлиб ўсмаслиги зарур. Атрофимизга теранроқ назар ташлаб, оила университетининг ҳаёт сабоғида бепарво бўлиб қолмайлик.
Маънавият фаоли сифатида вилоятда ўтказилаётган маънавий-маърифий тарғибот тадбирларида ҳамиша қатнашиб, келажагимиз ворисларининг бу борадаги билими ва дунёқарашини юксалтиришга ҳаракат қиламиз. Айни йўналишда Республика Маънавият ва маърифат маркази Фарғона вилоят бўлими томонидан алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.
Ҳаёт чархпалак мисоли айланаверади, ҳеч қачон бир жойда тўхтаб қолмайди. Бугун ипак қурти мисоли ўз қобиғига ўралиб олган, лоқайд, бепарво, фақат ўзининг дарду ташвиши билан яшайдиган баъзи одамларга баланд овозда ҳайқиригимиз келади: барчамиз долғали замонамизда эзгуликка интилиб яшайлик. Зеро, дунёни меҳр асрайди!
Ботир МАДИЁРОВ
(«Халқ сўзи»).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг