Дунёга машҳур 19 та музей ва 21 та кутубхонани ўз ичига олган АҚШнинг Смитсониан институти билан алоқалар кенгаймоқда
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов Смитсониан институти Халқаро муносабатлар ва глобал дастурлар департаменти директори Авива Розентал билан учрашув ўтказди.
Мамлакатимизнинг Вашингтон шаҳридаги дипломатик ваколатхонаси маълумотига кўра, музокаралар давомида 2021 йилда ўзаро кенг ва ҳар томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари атрофлича ўрганиб чиқилиб, муносабатларнинг ҳозирги ҳолати таҳлил қилинди ва истиқболли йўналишлар белгилаб олинди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Смитсониан институтига 1846 йил 10 августда «билимларнинг кўпайиши ва тарқалиши учун» шиори остида асос солинган. Музейлар ва тадқиқот марказлари гуруҳи сифатида ташкил этилган мазкур даргоҳ Aмерика Қўшма Штатларида ушбу соҳадаги энг йирик муассаса ҳисобланади.
Ҳозирги кунда унинг илмий, маданий-маърифий фонди 150 миллионтани ташкил қилади. Мазкур институт ўз юртида «миллат уйи» деб ҳам эъзозланади. У АҚШнинг 45 та штатида 200 дан ортиқ шохобчасига эга бўлиб, йиллик бюджети 1,2 миллиард долларга тенг.
Бундай алоқалар ривожлантирилаётгани бежиз эмас. Зеро, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида АҚШга расмий ташрифи доирасида Смитсониан институти ҳамда Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ўртасида келишувга эришилган эди.
Шартнома маданият соҳасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, таълим, тарих, санъат каби жабҳаларда лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида имзоланган.
Бинобарин, ўтган қарийб уч йиллик давр мобайнида бу борада бир қатор ишлар амалга оширилди. БУлар санъат, тарихий жойлар, Марказий Осиёнинг моддий ва номоддий маданий мероси соҳасидаги тадқиқотларга тааллуқли эканлиги билан аҳамиятлидир.
Ўз навбатида Авива Розентал бошчилигида Смитсониан институти делегацияси Ўзбекистонда меҳмон бўлиб, ўзбек музейлари фаолияти ва инфратузилмасини ўрганган. Маҳаллий мутахассислар учун ўқув семинарлари ташкил этилиб, Хива шаҳрида қадимий обидаларимизни сақлаш бўйича қўшма дастурлар олиб борилган.
Хусусан, америкалик олимлар Давлат санъат музейи, Давлат амалий санъат музейи, Нукусдаги Игор Савицкий номидаги давлат санъат музейи ва Ойбек Хотира уйи музейларига инновацион ғояларни татбиқ қилиш ва ўз фаолиятларини янада самарали ташкил этиш борасида қимматли тавсиялар берилган.
Элчихонамизнинг қўшимча қилишича, Вашингтонда ўтказилган учрашув давомида А.Розентал мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга юқори баҳо бериб, юртимизнинг маданий бойлигини асраш, жаҳон ҳамжамияти билан биргаликда улкан меросимизни ўрганиш, музейшунослик йўналишида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларни эътироф этди. Унинг айтишича, булар Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини оширишдаги муҳим қадамлардир.
Музокаралар давомида томонлар 2021 йилда Смитсониан институти Осиё санъати миллий музейида шоҳ ва шоир Бобур фаолиятига бағишланган кўргазма доирасида ўзбекистонлик ва АҚШлик олимлар билан биргаликда қўшма илмий-амалий симпозиум ташкил этиш масаласини ҳам муҳокама қилишди. Юқорида айтилган кўргазмада Бобурийлар даврига тегишли бўлган АҚШ музейида сақланаётган 20 дан зиёд ноёб артефактларни намойиш этиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, мамлакатимизда келгусида ўтказиладиган илмий-назарий конференция ва семинарларда Смитсониан институтининг етакчи мутахассисларини жалб этиш, икки томонлама тажриба алмашиш лойиҳаларини ривожлантириш ҳамда қатор маданий соҳаларда ҳамкорликни такомиллаштириш бўйича ҳам келишувларга эришилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг