Дунёдаги 60 та университетдан таклиф олган бухоролик ўқувчи қайси олий ўқув юртида ўқиш ниятида?
Фирдавс Собиров — Бухоро шаҳридаги 35-умумтаълим мактаби ўқувчиси. Билимли. Изланувчан. Айниқса, кимё фанига қизиқиши бўлакча. Дўстлари шу ҳақда сўз очилса, “У бу фанни “сув қилиб ичиб юборган”, дейишади.
Балки ўртоқлари бир оз ошириб юборишгандир. Аммо Фирдавснинг кимёни чуқур ўрганаётгани ва ҳавас қилса арзигулик натижаларга эришаётгани бор гап. Биз у қўлга киритган ютуқларнинг айримларини тилга олиш билан чекланмоқчимиз. 2019 йилда республика Халқ таълими вазирлиги ва Фарғона вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган Абу Райҳон Беруний номидаги кимё олимпиадасида Фирдавс совринли 2-ўринни эгаллади. 2020 йилнинг 10 март куни Тошкент шаҳрида ташкил этилган 54-Халқаро Менделеев олимпиадаси саралаш босқичи якуний натижаларига кўра, у Ўзбекистон терма жамоаси таркибига қабул қилинди. Туркия давлати ташкилотчилигида ўтказилган 52-Бутунжаҳон Халқаро кимё олимпиадасида бронза медали билан тақдирланди.
Натижада Фирдавс Собиров ҳали ўрта мактабни тугатмай турибоқ жаҳоннинг, аниқроғи, Жанубий Корея, АҚШ, Россия, Англия, Туркия, Япония каби давлатларнинг 60 та олий ўқув юртидан таклиф олди. Уни ўз талабалари сафида кўриш истагида бўлганлар қаторида Стэнфорд университети, Калифорния технология университети, Сеул миллий университети каби дунёга машҳур олий ўқув юртлари бор.
Хўш, ёш замондошимиз уларнинг қай бирини танлайди?
— Хорижнинг нуфузли олий ўқув юртларида ўқиш бўйича тушган таклифлардан устозларим, ота-онам, ўзим ҳам хурсандман, албатта, — дейди у. — Лекин эътиборингизни бир жиҳатга қаратмоқчиман. Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида Президент университетини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Бу ўқув даргоҳида ўқишлар халқаро стандартлар ва миллий анъаналар уйғунлигида олиб борилади. Қолаверса, мазкур университетнинг профессионал кадрлар тайёрловчи етакчи таълим ва илм-фан марказига айланиши кўзда тутилган. Ниятим айнан ушбу университетда таҳсил олиш ва юртимиз илм-фани ривожига ҳисса қўшишдир.
Маҳфуза ЭРГАШЕВА,
Бухоро шаҳридаги 35-умумтаълим мактаби ўқитувчиси,
“Шуҳрат” медали совриндори
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг