Дунё полвонлари Наманганда беллашмоқда
Фото: Халқ сўзи
Уч минг йилдан зиёд тарихга эга бўлган миллий спорт туримиз — белбоғли кураш бугун халқаро майдонларда бўй кўрсатмоқда. У ўзида мардлик, ҳалоллик, жасорат сингари эзгу фазилатларни жамлагани боис кўплаб халқлар севиб шуғулланадиган машғулотга айланган. 2021 йилнинг сентябрида Литва давлатининг Вилнюс шаҳрида Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси ташкил этилиши билан курашимизнинг нуфузи янада мустаҳкамланди. Айни пайтда ассоциацияга аъзо давлатлар сони 18 тага етган. Табиийки, спортнинг ушбу туридаги мусобақалар миқёси ва географияси ҳам муттасил кенгайиб бормоқда. Хусусан, ЖБКА ва Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси ташаббуси билан ўтган йилнинг кузида Жиззах ҳамда жорий йил баҳорида Қўқон шаҳарларида ёшлар ўртасида Ўзбекистон Президенти соврини учун жаҳон чемпионатлари юқори савияда ўтказилганлиги бунинг яққол тасдиғидир. Навбатдаги шундай чемпионатни ташкил этиш учун маҳоратли полвонлар маскани бўлган Наманган вилояти танланди. Эркаклар ва аёллар ўртасида илк бор ўтказилаётган ушбу халқаро спорт анжуманига 9 сентябрь куни эрталаб гуллар шаҳридаги «Баркамол авлод» спорт мажмуасида старт берилди.

Маълумотларга кўра, икки кун давом этадиган мусобақаларга дунёнинг 32 давлатидан 450 нафарга яқин кураш усталари ташриф буюрган. Улар орасида қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан тортиб, Россия Федерацияси, Мўғулистон, Латвия, Эстония, Эрон спортчиларигача бор. Кураш гиламларида эркаклар 8, аёллар 5 та вазн тоифасида ўз маҳоратларини синовдан ўтказадилар. Чемпионат баҳсларида миллий терма жамоамиз шарафини 70 нафар сара полвонларимиз ҳимоя қилаётир. Таркибда мусобақа мезбони бўлган наманганликлар 15 кишини ташкил этади. Бу вилоятда кўҳна ва навқирон спорт турига бўлган эътибор натижаси, деб айтсак тўғри бўлади. Зеро, бу ерда аждодлар анъанасига садоқат амалий ишларда намоён бўлаётгани барча шаҳар ва туманларда яққол кўринади. Биргина Тўрақўрғон туманида шаклланган кураш мактабида бугунги кунда 400 нафардан зиёд иқтидорли ёш маҳорат сабоқларини ўзлаштирмоқда. Мамлакатимиз полвонлари орасида биринчилар қаторида жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлган Рустам Умаров ҳам айни мактаб таҳсилини олган курашчилардан. Полвонлар сулоласи вакили Неъматжон Тўйчиев ёшларни тарбиялашдаги фидойи меҳнати учун «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози» унвонига сазовор бўлган.

— Бу галги чемпионатда Рустам Умаров билан бирга, Ойбек Ҳамидов, Муроджон Ҳамидов, Абдулла Тоҳиров сингари умидли ёшларимиз ҳам гиламга тушади, — дейди Н. Тўйчиев. — 76 килограмм вазн тоифасида куч синашадиган ва аввал ҳам Жаҳон чемпиони рутбасига эга бўлган полвон қизимиз Дилафруз Мамажонова, энг ёш қатнашчимиз — 18 ёшли Ширин Йўлдошевага, бошқа вилоятлардан бўлган курашчиларимизга ҳам ишонч баланд.
Намангандаги баҳсларда иштирок этаётган хорижий давлатлар спортчиларининг юқори кайфиятидан ғалабага бўлган қатъиятни сезиб олиш қийин эмас. Ўзбек диёридаги илиқ муносабатлар, гуллар шаҳри аҳлининг меҳмондўстлиги, мусобақа учун танланган жойдаги шарт-шароитлар улар эътирофига сазовор бўлгани шундоққина кўриниб турибди.

— Осиё чемпионатида қатнашиб, ғолиб бўлганман, — дейди мўғулистонлик Бахтдорж Гамсурен. — Навбат дунёнинг энг кучли курашчилари билан бел олишишга келди. Нафақат мен, балки, терма жамоамизнинг барча 9 аъзоси нималарга қодирлигини кўрсатиш ниятида.
Ўзбек гиламида куч-қуввати ва маҳоратини намойиш қилишга келган қозоғистонлик Нурлан ўғли Бекбул, Мериге Худойберганов, эронлик Муҳаммад Оберуманд сингари кураш усталарининг шижоатига ҳам гап йўқ.

Маълумот учун, Наманганда ўтказилаётган жаҳон чемпионатининг умумий мукофот жамғармаси 351 миллион сўмни ташкил этади. Бунда биринчи ўрин соҳибларини 10 миллион сўм, иккинчи ўрин эгаларини 7 миллион ва вазн тоифаси бўйича учинчи ўринга сазовор бўлган полвонларни 5 миллион сўм маблағ билан тақдирлаш кўзда тутилган.

Биринчи куннинг ярмида ўтказилган саралаш ва ярим финал баҳслари чемпионликка даъвогарлар номини аниқлаб берди. Финал баҳсларида вазн тоифалари бўйича мутлақ ғолиб мақомига эришадиган 8 нафар эркак ва нафар аёл курашчи исми шарифи маълум бўлади.
Мусобақанинг кейинги куни кун тартибига ҳам беллашувларнинг кейинги босқичи баҳслари, шунингдек, ғолиб ва совриндорларни тантанали тақдирлаш маросими киритилган.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ. «Халқ сўзи».
Фото: Раҳмонжон Мамадалиев.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг