Дунё мамлакатларида янги ўқув йили қайси вақтларда бошланади?

13:22 26 Август 2020 Дунё
3222 0

Тасаввуримизда дунёнинг барча минтақаларидаги мактабларда янги ўқув йили сентябрдан бошланадигандек. Аслида ундай эмас. Гарчи пандемия таълим соҳасига ҳам жиддий таъсир ўтказган бўлса-да, анъанавий тарзда янги ўқув йили жаҳон мамлакатларида турли муддатларда старт олади.  Келинг, буни бир неча мамлакатлар мисолида кўриб чиқамиз. 

Россияда ўқув йили бошланиши дарахт япроқлари сариқ ва қизил тусга кираётган паллада бўлса, Японияда эса ушбу жараён сакуралар гуллайдиган пайтга тўғри келади. Кунчиқар мамлакатда биринчи қўнғироқ апрель ойининг бошида, сўнггиси эса март охирида жаранглайди. Ўқув йили 11 ой бўлиб, ўқувчиларнинг узлуксиз таълим олиши орада бир неча қисқа таътиллар бўлишига қарамай яхши шакллантирилган. Эътиборли жиҳати, ҳар бир мактаб ўқув йилининг бошланиш ва тугаш саналарини ўзи белгилайди. Мактабга қадам қўйишдан олдин, япон ўқувчилари яна 1 ҳафта дам олишлари ҳам мумкин. Қолаверса, дарслар 8:30 да бошланиб кечгача давом этиши билан ҳам япон таълими бошқа мамлакатлар ўқув тартибидан тубдан фарқ қилади. Аксарият болалар қўшимча дарсларга қатнайдилар ва якшанба кунлари ҳам уларнинг банд бўлиши одатий ҳол. Бу ерда рейтинг баллари жуда муҳим ҳисобланади. Японияда шунчаки мактабга бориш ва уй вазифаларини бажариш имтиҳонларни муваффақиятли топширишга кафолат бермайди.

Яшил қитъа сифатида эътироф этиладиган Австралияда мамлакатнинг бош миллий байрами — Австралия кунидан сўнг ўқувчилар мактабга чиқишади. Яъни январнинг охири февралнинг илк кунларида ўқув йили бошланиб, декабрда ниҳоясига етади. Ҳар 4 ҳафталик ўқиш орасида 10 кунлик таътил берилади.

Яна бошқа минтақаларда ҳам янги ўқув йилининг муддатлари турлича. Дейлик, Бельгия, Болтиқбўйи мамлакатлари, Венгрия, Македония, Ирландия, Польша ва Словенияда ўқув йили биздагидек сентябрь ойида бошланади. Финляндия, Дания, Германия ва Шотландияда эса август ойида. Аксинча, Италияда ўқувчилар янги ўқув йили дарсларига маълум белгиланган кунда эмас, ҳудудлар бўйича сентябрнинг турли саналарида киришади.

Лотин Америкаси. Ўқув йили Аргентина, Коста-Рика, Бразилияда февралнинг биринчи ҳафтасидан, Чилида 1 мартдан, Уругвайда эса мартнинг биринчи душанбасидан старт олади.

Марказий Америка. Гватемалада январь ойининг иккинчи душанбасидан, Гондурасда эса 1 августдан деб белгиланган.

Осиё. Хитой, Гонконг, Лаос, Тайван, Монголияда худди биздагидек сентябрдан, Жанубий Кореяда 3 март, Ҳиндистонда март ойи ўртаси - апрель бошида, Таиландда май, Филлипинда эса июль ойидан навбатдаги ўқув йилига қўнғироқ чалинади.

Африка. ЖАР ва Танзанияда январнинг ўртасидан, Жанубий Суданда 20- мартдан, Кенияда эса сентябрдан мактаблар ўқувчиларига ўз эшигини очади.

ЎзЖОКУ талабаси Севинч АНВАРБEКОВА тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер