«Дунё келар бир сайёҳ бўлиб...»
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона вилоятига ўтган йили 3,5 миллион сайёҳ ташриф буюрган бўлса, уларнинг қарийб 500 минг нафари хорижлик меҳмонлар эканлиги эътиборга моликдир. Биргина 2025 йилнинг ўзида Фарғона вилоятида 20 дан ортиқ турли фестиваллар муваффақиятли ўтказилди.
Айни пайтда Қўқон ва Марғилон шаҳри, Риштон тумани сайёҳларни жалб этишда вилоятнинг энг пешқадам ҳудудлари сирасига киради. Дунёда ягона «Латиф» шаҳар мақомига эга Қўқонда сўнгги йилларда туризм хизмат кўрсатиш соҳаси драйвери сифатида яққол намоён бўлмоқда.
— Тадбиркорлик фаолиятимга инновация ғояларини кенг татбиқ этиб, Хўқанди латифга дунё сайёҳларини йилдан йилга кўпроқ жалб этишни мақсад қилганман, — дейди қўқонлик ёш тадбиркор Лобар Азизходжаева. — Эзгу ташаббуслар ижобатини таъминлаш учун «Қўқонда» лойиҳасини ташкил этганман. Ҳозирда бу лойиҳага менежер, дизайнер, тасвирчи, мобилограф, монтаж устаси сингари 10 нафардан зиёд малакали мутахассислар жалб қилинган.
Шунингдек, 2023 йили «Ният» маркетинг агентлигини очдим ва ҳозирги кунга қадар 100 дан ортиқ лойиҳаларда ўзаро ҳамкорликда ишлаб келмоқдамиз. Ўз навбатида, ижтимоий тармоқларда Қўқон туризмини тарғиб этувчи блогер сифатида ҳам фаолият олиб бораман.
Бундан ташқари, «Қўқонда» лойиҳаси орқали Ўзбекистоннинг энг қизиқарли жойлари, тарихий-маданий ёдгорликлари, қадриятларимизни тарғиб этиш бўйича миллий контентлар яратамиз ҳамда улар жойлашган манзиллар бўйича маълумотлар берамиз. Бугунги кунда бу каби миллий контентларимиз ижтимоий тармоқларда миллионлаб маротаба кўрилмоқда.
Айтиш жоиз, бу борада Лобарга журналистика соҳасидаги салкам 10 йиллик амалий тажрибаси қўл келаётир. Шу боис ҳар бир миллий контентни кичик фильм даражасида олишга ҳаракат қилиб, мукаммал ғоя, сценарий, сюжет асосида тезкор, қисқа ва жуда қизиқарли ижодий маҳсулотлар яратади.
— Яқин истиқболда нафақат Қўқон, мамлакатимиз туризмини тарғиб этиш, шу билан бирга дунё бўйлаб қизиқарли контентлар яратиш, замонавий медиа оламида ўзаро манфаатли, маънавий озиқ бера оладиган контентлар салмоғини ошириш ёрдамида туризм ривожига ҳисса қўшиш асосий орзум, — дейди Лобар. — Шу тариқа бутун дунё юртимизга сайёҳ бўлиб келишини истайман. Ишонаманки, яқин йилларда Қўқон ҳам Дубай, Истанбул, Париж сингари жаҳон туризми брендлари қаторига қўшилади.
Айни пайтда дунёнинг турли қитъаларидан кунига юзлаб инсонлар Қўқонга бир келиш, тарихий ёдгорликлари, қадимий бозорларини айланиш, эрталабки нонуштасидан баҳраманд бўлиш истагида эканлиги ҳақида ёзишади. Демак, бу борада дадил қадамлар ташланмоқда...
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг