Дунё АҚШ устидан кулиб, ундан ўз манфаати учун фойдаланмоқда — Дональд Трамп
Фото: Reuters
Америка етакчиси Жо Байден сиёсати туфайли дунё АҚШ устидан кулиб, ундан ўз манфаати учун фойдаланмоқда. АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп Флоридада супер сешанба куни бўлиб ўтган праймериздаги нутқида шундай деди.
“Бизнинг шаҳарларимиз Байден туфайли АҚШга келган муҳожирлар жинояти билан тўлиб-тошган. Бу жиноятнинг мутлақо янги тоифаси. Дунё бизнинг устимиздан кулмоқда. Дунё биздан ўз манфаати учун фойдаланмоқда”, — дейди у.
Трампга кўра, ҳозир дунё Вашингтонни ҳурмат қилмайди ва мамлакатни масхара қилади. Унинг президентлиги даврида Америка Қўшма Штатлари дунёдаги энг ҳурматга сазовор давлат бўлган. Айни дамда Америка Қўшма Штатларини хавфсиз чегара йўқлиги ва адолатсиз сайловлар туфайли учинчи дунё давлати, деб аташ мумкин. Байден эса мамлакат тарихидаги энг ёмон президент.
Аввалроқ Трамп супер сешанба кунги праймериздаги ғалабалари ҳақида гапириб, уларни “ажойиб оқшом” деб атаган эди. Аниқлик киритилишича, Трамп 10 дан ортиқ штатдаги республикачиларнинг праймеризларида етакчилик қилмоқда.
Ўз навбатида, Байден ҳам ўша куни АҚШ Демократик партиясининг барча праймеризларида ғалаба қозонди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг