Дубайдан Самарқандга мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилди
Фото: Халқ сўзи
Бугун Бирлашган Араб Амирликликлари FlyDubai авиакомпаниясининг «Дубай-Самарқанд» йўналиши бўйича илк қатновни амалга оширган ҳаво кемаси Самарқанд халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди.

Шу муносабат билан матбуот анжумани ўтказилди. Унда FlyDubai авиакомпанияси ва унинг Ўзбекистондаги ҳамкорлари, Транспорт, Туризм ва маданий мерос вазирликлари масъуллари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
— Бугун мамлакатимизда нафақат пойтахт, балки бошқа шаҳарларда ҳам хорижий авиакомпаниялар билан ҳамкорликда тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйиш мақсадида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири ўринбосари Ж.Чориев. — Жумладан, янгиланган Самарқанд халқаро аэропортининг имкониятларидан фойдаланиш мақсадида хорижий авиакомпаниялар учун чекловлар олиб ташланиб, бешинчи даражадаги ҳаво эркинлиги жорий этилди. Бу мазкур аэропортга рейсларга кўпайтириш орқали сайёҳликни жадал ривожлантиришга катта ёрдам беради. Куни кеча ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам давлатимиз раҳбари томонидан бизнинг вазирлигимизга ва бошқа идораларга аниқ топшириқлар берилди. Бирлашган Араб Амирликларининг FlyDubai авиакомпанияси жаҳондаги салоҳиятли авиаташувчилардан бири ҳисобланади. Мазкур компания авиапаркининг янгилиги, хизмат кўрсатиш сифати ва даражасининг юқорилиги ва юздан ортиқ йўналишларда парвозларни амалга ошириши у билан ҳамкорлик истиқболларини белгилайди. Шу боис мазкур компания бугундан Дубай ва Самарқанд шаҳарлари ўртасида мунтазам қатновларни йўлга қўйди.
Қайд этилишича, Дубай-Самарқанд-Дубай йўналишида парвозлар ҳозирча ҳафтада икки марта - чоршанба ва шанба кунлари, октябрь ойининг якунидан эса тўрт марта парвозларни амалга ошириш, келгусида эса ҳар куни қатновни йўлга қўйиш режалаштирилаётган.

Ўзбекистон шаҳарлари билан авиақатновлар самарали бўлиши алоҳида қайд этилган ҳолда 24 cентябрдан Дубай — Наманган йўналишида ҳам парвозлар амалга оширилиши маълум қилинди.
Шу ўринда айтиш керакки, бугунги кунда Ўзбекистон ва БАА ўртасида мунтазам авиақатновлар сони ҳар икки томондан ҳафтасига жами 13 тани ташкил этмоқда.
Парвозлар ҳар икки мамлакатнинг тайинланган авиакомпаниялари Uzbekistan airways, FlyDubai, Air Arabia томонидан бажариляпти.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг