Дубайда Ўзбекистон фуқаролари иштирокида “Очиқ мулоқот куни” тадбири уюштирилди

13:20 02 Июнь 2023 Сиёсат
359 0

Мамлакатимизнинг Дубай шаҳридаги Бош консуллиги томонидан Бирлашган Араб Амирликларида истиқомат қилаётган ва меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ватандошларимиз ҳамда БАА олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар иштирокида “Очиқ мулоқот куни” тадбири уюштирилди.

Ушбу тадбирни ташкил этишдан кўзланган мақсад Амирликларда истиқомат қилаётган ватандошларимизнинг консуллик-ҳуқуқий масалалари, уларни ўйлантираётган муаммоларнинг ечимларини топиш, фуқароларимизга ушбу мамлакатда бўлиб туриш бўйича ички қонун-қоидаларга доир маълумотларни бериш билан изоҳланади.

Давра суҳбати чоғида сўнгги йиллар давомида мамлакатимизнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳаётида рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Ўзбекистон Президентининг «Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг мазмун-моҳияти ҳамда ҳозирги кунда мамлакатимиз ҳукумати томонидан хорижий давлатларда ишлаётган фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга катта эътибор қаратилаётганига оид атрофлича маълумотдар ватандошларимизнинг эътиборига ҳавола қилинди.

Шунингдек, меҳнат мигратлари оилаларини қўллаб-қувватлаш, хорижда ишлаш пайтида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал этиш тартиботлари, тақдим этилаётган имтиёзлар сингари масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Мулоқот давомида БААда истиқомат қилаётган ва меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган мамлакатимиз фуқаролари ўз чиқишларида бундай учрашувлар ташкил этилиши мамлакатимизнинг ўз фуқароларига бўлган муносабатини намоён этишини таъкидлашди.

Шунингдек, улар Бош консулхона, “International Chess Center” ва “ZOR” ресторани кўмагида ватандошларимиз ва уларнинг фарзандлари ҳамда хорижлик ёшлар ўртасида олиб борилаётган Халқаро шахмат мусобақасини ўтказилиши юртдошларимиз томонидан ижобий қабул қилаётганини билдиришди.

Шу ўринда ватандошларимиз Бош консулхона, “ZOR” ресторани ва фаол ватандошларимиз кўмагида жорий йил 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб ўтказиладиган “Маҳоратингни кўрсат – 2022” кўрик танловида иштирок этишга даъват қилинди.

Юқоридагилар билан бирга, жорий йил 9 июль куни Ўзбекистонда муддатидан илгари Президент сайлови ўтказилиши, Бош консулхона ҳузурида ташкил этилган сайлов участкасида овоз бериш имконияти билан боғлиқ масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу ўринда муддатидан илгари Президент сайловини ўтказиш давлат ҳокимиятининг янгиланган Конституция талаблари асосида фаолият кўрсатишини таъминлашга, демократия тамойилини тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Тадбирда қатнашган ватандошларимизнинг консуллик-ҳуқуқий масалаларига оид мурожаатлари ҳам тинглангани баробарида кўтарилган масалалар ва уларнинг ечими бўйича манзилли кўмак кўрсатилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер