DP World компанияси Ўзбекистоннинг логистика объектларига сармоя киритмоқчи
Жорий йилнинг 20 июнь куни инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Ойбек Хамраев DP World компаниясининг (БАА) махсус иқтисодий зоналар бўйича директори Муҳаммад Сулаймон Ол-Сувайдий ва CBRE консалтинг компаниясининг лойиҳани амалга ошириш бўйича маслаҳатчиси Ҳариш Ражагопалан билан музокараларўтказди.
Мулоқот чоғида махсус иқтисодий зоналар ва транспорт-логистика инфратузилмаси объектларини бошқаришни такомиллаштириш доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Жумладан, “Навоий” ЭИЗ ва “Навоий” халқаро аэропорти юк терминалини ривожлантириш бўйича келгусида биргаликда амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди. Хорижий томон махсус иқтисодий зонанинг ишлаб чиқариш салоҳияти, юк терминалининг технологик хусусиятлари билан атрофлича таништирилди. Компаниянинг инновацион ёндашувлари ва илғор тажрибасини қўллаш орқали ЭИЗ фаолияти самарадорлигини ва терминалнинг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш имкониятлари қайд этилди.
Учрашув якунлари бўйича эришилган келишувга мувофиқ DP World компанияси жорий йил сентябрь ойи охиригача “Навоий” ЭИЗни комплекс ривожлантириш стратегиясини тақдим этади.
Маълумот учун: DP World 2005 йилда ташкил этилган. Фаолиятининг асосий йўналиши бутун дунё бўйлаб денгиз ва қуруқликдаги портларни бошқариш ва ривожлантириш ҳисобланади. Ҳозирги кунда DP World 45 мамлакатда 150 дан ортиқ компанияларни бошқаради. 2021 йилда йиллик даромади 10,7 миллиард долларни ташкил қилди.
Шу йилнинг 29 май куни DP World дунёдаги етакчи консалтинг компаниялардан бири CBREни лойиҳа маслаҳатчиси сифатида таклиф қилди. CBRE 30 йил олдин ташкил этилган. Унинг дунёнинг 100 та давлатида 500 дан ортиқ ваколатхоналари мавжуд. Компанияда 115 мингдан ортиқ ходим ишлайди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг