Донорлик — савоб иш
Фото: Халқ сўзи
Юртимизда савобталаб инсонлар бениҳоят кўп. Кимдир эҳтиёжманд фуқарога ёрдам қўлини чўзади, кимдир етим болалар бошини силайди, яна кимдир йўлни равон этиб, одамлар мушкулини енгил қилади. Бухоро шаҳридаги Қаюм Муртазоев кўчасида яшовчи Аҳтам Шарипов эса донорликни савоб иш деб билади.
— Кечагидек эсимда, 2012 йилнинг февралида вилоят қон қуйиш марказига бориб илк бор қон топширганман, — дейди у. — Бу ишни ўз ихтиёрим билан савоб йўлига қиляпман. Қоним биринчи гуруҳга мансуб. Биласиз, унга беморларда талаб катта. Қон топшириб, ўзим ҳам руҳан енгил тортаман. Кимлардир сен топширган қон воситасида тузалиб, оиласи бағрига қайтганини ҳис этиб яшаш бари бир бошқача.
Аслида «донор» сўзи лотинча бўлиб, «ҳадя қиламан» «туҳфа қилмоқ» деган маънони англатади. Бинобарин, донор ўз қонини бериш орқали кимнингдир ҳаётини сақлаб қолиши, унга янги ҳаёт туҳфа қилиши мумкин.
— Донорлик ҳар қандай киши қила оладиган оддий, аммо олижаноб ишдир, — дейди Бухоро вилоят қон қуйиш маркази бош ҳамшираси Дилноза Файзуллаева. — Яна бир эътиборли жиҳати, ўз қонини камида 40 марта, қон компонентларини 60 марта топширган кишилар фахрий донор ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳам ана шундай бағрикенг ва сахий инсонлар «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланишади ҳамда уларга энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти берилади. Аҳтам Шариповга келсак, у ҳозиргача 37 марта қон топширди. Донорликни савоб иш деб биладиган бу кўнгли очиқ , саховатли инсоннинг ҳам фахрий донорлар сафидан ўрин олишига оз фурсат қолди.
Маълумот тариқасида айтиш жоизки, 2020 йилда14 июнь - Халқаро донорлар куни муносабати билан ҳаёти давомида 40 маротабадан кўп қон топширган бухоролик 2 нафар фуқаро «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори ” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг