Донорларга бериладиган пул мукофоти миқдори ошди

12:33 03 Март 2025 Жамият
3247 0

«Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар 5 млн 625 минг сўм миқдоридаги пул мукофоти олишади. Бу ҳақида «Ҳуқуқий ахборот» канали маълум қилди.

Қонун билан «Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги ҳамда «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Унга кўра, «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар учун бир йўла бериладиган пул мукофоти миқдори оширилиши назарда тутилган.

Мазкур кўкрак нишони билан тақдирланадиганлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари миқдорида, яъни 5 млн 625 минг сўм пул мукофотини олиши белгиланди. Таъкидлаш жоизки, илгари ушбу мукофот қиймати БҲМнинг 5 бараварига тенг эди.

Шунингдек, уларга шаҳар йўловчилар транспортидан (бундан йўналишли ва йўналишсиз таксилар мустасно) бепул фойдаланиш, ўзлари учун қулай бўлган вақтда ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш ҳамда санаторий-курортларда даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш ҳуқуқи ҳам берилади.

«Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради», — дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер