Долзарб қонун лойиҳаси муҳокама қилинди

20:30 15 Май 2023 Сиёсат
634 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари обдон муҳокама қилинди.

Дастлаб, “Ўлчаш воситаларини қиёслашдан ўтказиш соҳасига хусусий сектор жалб қилиниши муносабати билан “Метрология тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳасида ўлчаш воситаларини қиёслаш хизматлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳисобланмайдиган юридик шахсларнинг метрология хизматлари томонидан кўрсатилишига рухсат бериш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, лойиҳа билан ўлчаш натижалари давлат аҳамиятига эга бўлган ўлчаш воситалари туркумларининг рўйхати Ҳукумат томонидан тасдиқланиши белгиланмоқда. Фракция аъзолари томонидан қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилиб, қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда “Маъмурий жарималарни ижро этиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси ҳам қизғин кечди.

Қонун лойиҳаси орқали Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган маъмурий жарималарнинг ўз вақтида ундирилмаганлиги юзасидан Мажбурий ижро бюроси томонидан қўлланиладиган маъмурий жарима миқдори ундирилиши лозим бўлган суммадан юқори бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.

Шу билан бирга, лойиҳада соҳада турли суистеъмолчиликларнинг олдини олиниш мақсадида Мажбурий ижро бюроси номидан маъмурий жарима қўллаш ваколатига эга бўлган шахслар доираси аниқ кўрсатиляпти.

Фракция аъзолари қонун лойиҳаси бўйича бир қатор таклифлар бериб, ушбу ҳужжат лойиҳасини маъқулладилар.

Савол-жавобларга бой бўлган йиғилишда кун тартибига киритилган бошқа масалалар атрофлича кўриб чиқилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер