Доллар курси ошса ҳам, тадбиркорга зарари тегмайдиган тизим жорий этилади

16:08 22 Август 2021 Иқтисодиёт
1024 0

Тадбиркорнинг энг яқин ҳамкори бу — банк. Қайси тадбиркор банкдан олган маблағни мақсадли ишлатса ва вақтида қайтарса, банк ишончини қозонади, келгусидаги ҳамкорлик ришталари мустаҳкамланади. Ҳозирги кунда бизда энг катта муаммо банк ва мижоз ўртасидаги мувозанатнинг бузилгани, шартнома шартлари ўз вақтида бажарилмаётганидир.

Куни кеча Президентимиз тадбиркорлар билан очиқ мулоқот шаклида ўтказган учрашувида ҳам бу муаммога тўхталиб, эндиликда доллар курси ошса ҳам тадбиркорга зарари тегмайдиган тизим жорий этилишини билдирди.

Молия вазирлиги ҳузурида Валюта хатарларини бошқариш компанияси ва ҳудудларда унинг филиаллари ташкил этилиши айни муддао бўлди. Чунки ушбу компания банклар томонидан чет эл валютасида жалб қилинаётган маблағларни сўмга ўтказиб, кредитни ички бозорда фақат миллий валютада бериш учун зарур шароит яратади. Бошқача айтганда, доллар ёки евро курсининг ошиши тадбиркор учун қўшимча муаммо ёки ортиқча харажатларни юзага келтирмайди. Мазкур компания барча ҳудуд ва тармоқлар билан яқин ҳамкорликда ишлаб банкларнинг капиталини ошириш бўйича қўшимча имкониятлар ишга солинади.

Бу қандай амалга оширилади? Келгуси йилда банкларга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан бозор тамойиллари бўйича қўшимча 600 миллион доллар ажратилади. Бу маблағлар танлов асосида, ҳам давлат, ҳам хусусий банкларга берилади. Қайси банк энг яхши бизнес режа, қайтими юқори ва энг кўп иш ўрни яратадиган лойиҳаларни тақдим этса, ушбу маблағлар ана шу банкларга тақдим этилади.

Сирасини айтганда, ҳар бир тадбиркор эндиликда банк билан янгича форматда, аниқ ҳисоб-китоб ва шартнома шартларига тўлиқ амал қилган ҳолда иш юритсагина ўз олдига қўйган мақсадларига етади. Банк ва тадбиркор ўртасидаги муносабатларнинг яхши йўлга қўйилиши ҳар икки томон учун ҳам манфаатлидир.

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,
Олий Мажлиc Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер