ДХМда миллийлик ва замонавийлик уйғун
Хива шаҳар замонавий давлат хизматлари марказига кирган киши миллий руҳдан баҳра олган замонавийликни ҳис қилади.
Хабарингиз бор, мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан аҳолига Давлат хизматлари кўрсатишда мутлақо янги тизим ҳаётга татбиқ этилди. Бу Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудларда янги ташкил этилган марказларидир.

Бугун Давлат хизматлари агентлиги томонидан унинг тасарруфида бўлган ДХМлар инфратузилмасига катта эътибор қаратилмоқда. Республикамизнинг барча ҳудудида янги замонавий ва ҳар томонлама қулай Давлат хизматлари марказлари бинолари фойдаланишга топширилмоқда.

Хусусан, Хива шаҳар Давлат хизматлари маркази янгидан қурилиб, бутунлай ўзгача руҳда барпо этилган бўлиб, унда сиз миллийлик ва замонавийликнинг уйғунлашган ҳолатининг гувоҳи бўласиз.
Кенг ва ёруғ хоналар, нақшинкор девор, марказга келган ҳар бир кишини ўзига жалб этмасдан қолмайди.

Бинода мурожаат қилувчи аҳолига барча қулайликлар яратиб қўйилган бўлиб, инвесторларни кутиб олишга мўлжалланган музокара зали, китобхонлар учун кутубхона, ёш болали оналар фарзандлари учун ўйинчоқлар билан тўлдирилган махсус хона, шунингдек, овқатланиш хоналари ҳам мавжуд.
Дарҳақиқат овқатланиш хонасида ўзбек менталитетига хос бўлган супа жойлаштирилган бўлиб, бу ерга келганларни ўзига чорлайди. Албатта ушбу шароитларнинг бари юртдошларимизнинг давлат хизматларидан кўнгли тўлиб ва унумли фойдаланишлари йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлардир.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Хива шаҳрида жами 91 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилиб келмоқда, бугунги кунда шаҳар Давлат хизматлари маркази томонидан жами 36 мингдан ортиқ хизматлар кўрсатилган бўлиб, шундан 1 030 га яқини сайёр тартибда амалга оширилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг