“Диққат қилинг! Ширин радиосидан гапирамиз”
Муаллиф олган сурат.
“Халқ сўзи ONLINE”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. Нурчилар шаҳри — Ширинда радиоузель фаолият бошлади. Дастлабки эшиттиришлар “Ёшлар ҳиёбони”га ўрнатилган овозузатгичлар орқали тингловчилар эътиборига ҳавола қилинди.
— Шаҳримиз ҳокими ташаббуси билан ташкил этилган мазкур ахборот воситаси зиммасига қўйилаётган вазифалар кенг кўламли, — дейди республика “Маънавият ва маърифат маркази” Ширин шаҳар бўлинмаси раҳбари Мадинабону Абдусаломова. — Аввало, у орқали аҳоли шаҳримиз ва мамлакатимиз ҳаётидаги янгиликлар билан таништириб борилади. Дастурдан маънавий-маърифий, жиноятчиликнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзи ва бошқа кўплаб мавзулардаги эшиттиришлар бериб борилади.
Яна бир жиҳати, радиоузель ширинликларга коммунал хизмат бўйича хабарларни ҳам етказиб туради. Масалан, ичимлик суви таъминотида таъмирлаш ёки бошқа сабаблар туфайли узилиш кутилса, бу ҳақдаги ахборот эфир орқали маълум қилинади. Айни чоғда дастурдан шаҳримизнинг озода ва кўркамлигини сақлаш бўйича тушунтириш-тарғибот материаллари ҳам жой олади.
“Ўзбектелеком” АК Сирдарё филиалининг Ширин шаҳар телекоммуникациялар боғланмаси бошлиғи Хуршид Қаюмовнинг маълум қилишича, радиоузелнинг эфир вақти чекланмаган ҳамда келгусида унинг овозузатгичлари шаҳарнинг деярли барча ҳудудини қамраб олади.
Маълумот учун, айни радиоузель турдошлари ўтган асрнинг ҳали ҳар бир хонадонга радио ёки телевидение кириб бормаган, интернет пайдо бўлмаган йилларда колхозлар, туман марказлари ва шаҳарлардаги асосий оммавий ахборот воситаларидан бири саналган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг