Диний қўмита 2021 йилги Ҳаж мавсумини ташкил этилиши билан боғлиқ хабарларга аниқлик киритди

17:29 10 Март 2021 Жамият
3027 0

Сўнгги кунларда интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқ саҳифаларида 2021 йилги Ҳаж мавсумини ташкил этилиши билан боғлиқ турли хабарлар тарқалмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита мазкур масалада расмий хабарнома билан чиқди.

«Дин ишлари бўйича қўмита Саудия Арабистони расмийлари ҳамда Ҳаж ва Умра ишлари бўйича Атташе билан мазкур масалада мунтазам алоқа ўрнатган. Шундан келиб чиқиб, қуйидагиларни маълум қиламиз:

Биринчидан, ижтимоий тармоқларда «Муқаддас Ҳаж Сафарига расман рухсат берилди. Фақатгина ҳаж сафарига бормоқчи бўлганлар коронавирусга вакцина қабул қилган бўлишлари шарт» ва бошқа шу каби сарлавҳалар остида тарқатилаётган хабарлар ҳеч қандай расмий асосга эга эмас.

Иккинчидан, бу каби хабарларнинг тарқалиши ва турлича талқин қилиниши – Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирининг «Ҳаж мавсуми зиёратчиларини қабул қилишнинг асосий шарти – “COVID-19» га қарши эмлангани бўлади», мазмунидаги интервьюсига асосланган.

Учинчидан, Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш бўйича Саудия Арабистони ҳукумати томонидан ҳозирга қадар ҳеч қандай расмий қарор эълон қилинмаган.

Ҳурматли юртдошлар!

Ҳаж ва умра зиёратлари билан боғлиқ асосли маълумотлар Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали эълон қилинади.

Шу ўринда, юртдошларимиздан юқоридаги каби асоссиз ва чалғитувчи хабарларга ишонмасликларини сўраб қоламиз.

Ўз навбатида, ОАВ вакилларини аҳоли орасида турли тушунмовчилик келтириб чиқарадиган, текширилмаган маълумотларни тарқатмасликка чақирамиз!», дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер