Дилором опанинг кутубхонаси

17:46 19 Октябр 2022 Жамият
894 0

Фото: Халқ сўзи

«Китобни оловда ёқишдан ҳам ёмонроқ жиноят бор. Мисол учун уни ўқимаслик...» Бу Америкалик фантаст ёзувчи Рей Бредберининг гапи. Буни мен Тошкент шаҳридаги Олмазор тумани Янги Себзор маҳалласидаги кутубхонага борганимда Дилором опа Ҳамдамовадан эшитдим. Эшитдиму кутубхоначи опанинг ўзи энг савияли китобхон эканидан қувониб кетдим. Чунки юқорида келтирилган машҳур ибора Рей Бредберининг»Фаренгейт бўйича 451 даража» номли асаридан олинган.

Дилором опа нақ 42 йил Ўзбекистон телерадиокомпаниясида ишлаб, кўплаб кўрсатувларни олиб борди. Айниқса, унинг муаллифлигидаги «Оналар мактаби» кўрсатуви эл аро машҳур бўлиб кетган эди. Тиниб-тинчимас бу аёлда нафақага чиққач, ўзи истиқомат қилаётган Тошкент шаҳридаги Янги Себзор маҳалласида – «дом»лар орасида кутубхона очиш нияти туғилди. Қанчадан-қанча оналар, кексалар, ёш-яланг «дом» ёнида бекорчиликдан вақтини беҳуда ўтказади. Ёки аёллар бир-бири билан соатлаб, гаплашиб ўтиришади. «Агар кутубхона очсам, улар бадиий адабиёт оламига кириб, юксак маънавиятли фарзандлар тарбиялайди», деб фикр юритди. У адашмаган эди, аммо...

— Эй, Дилором опа-ей, ҳозир ким ҳам китоб ўқийди, дейсиз, аёлларнинг рўзғордан қўли бўшамайди, ёшлар эса куну тун телефонга термулгани термулган, — дея унинг ташаббусини бўғмоқчи бўлди бир қўшни аёл. — Кутубхона эмас, савдо дўкони очсангиз, чўнтагингиз тўла жарақ-жарақ пул бўлади. Пули бор одам кучли бўлади...

Дилором опа ўша аёлга нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтладию, ўзини тийди, унга гапирган билан фойдаси йўқ. Унинг устига опа икки киши ўртасида жанжал чиқса, ақллироғи айбдордир, деган ҳикматга амал қилади. Ваҳоланки, пули кўп одамдан кўра, китоб ўқиган, бадиий савияси юксак одамни минг чандон бой деб ҳисоблайди опа ва у ҳақ. Қувонарлиси, опанинг ташаббусини маҳалла мутасаддилари астойдил қўллаб-қувватлашди ва Олмазор тумани ҳокимлиги кўмаги билан кутубхона қад ростлади. Маҳалла мутасадддилари енг шимариб, ишга киришди. Китоб жавонлари олиб келишди, битмай қолган кам-кўстни тўлдиришди. Китоблар келтиришди. Дилором опа ҳам уйидаги деярли ҳамма китобларини кутубхонага ҳадя қилди. Ҳозир маҳалла кутубхона фонди 2 мингта бадиий адабиёт билан бойитилган. Бу китобларнинг кўпи Дилором опанинг шахсий улушидир.

— Шу китобларнинг ҳаммасини ўқиб чиққанмисиз? — сўрайман Д. Ҳамдамовадан ҳайратимни яшира олмай.

— Ҳаммасини бўлмасаям, бир қисмини мутолаа қилганман, — дейди опа. — Китобхонлик менга онам Аниса аядан ўтган. Онам 4 болани улғайтирганида бир қўли бешикда, иккинчи қўли китобда бўлган. Илгари Тошкент шаҳридаги Чиғатой дарвоза ҳудудида кутубхона бўларди. Онамнинг шу кутубхонадан оёғи узилмасди. Албатта, она китобхон бўлса, фарзандларга ҳам ўтар экан. Онам китобдан бош кўтармай, ТошМИга ўқишга кирдилар, врач бўлиб, узоқ йиллар элнинг хизматида бўлдилар. Онамдан ўтган китобхонлик 4 фарзандни ҳам бадиий адабиётга ошно қилди. Шунинг учун ҳам мен маҳаллада кутубхона очишни ният қилгандим. Бугунги оналар китоб ўқиса, албатта, фарзандлар ҳам ўқийди, деган фикрда қатъийман.

Мўъжазгина маҳалла кутутбхонаси... Бу даргоҳ менга жуда қадрдон бўлиб туюлди. У нимаси биландир мени ўзига тортарди. Шинам жавонларда савлат тўкиб турган жаҳон ва ўзбек адабиётининг дурдона асарлари бугун Янги Себзор маҳалласи аҳлининг маънавий мулкига айланган. Дилором опа эса кексайганида ишли бўлганига ёки бир эрмак топилгани учун эмас, маҳалладошлари маънавияти юксалаётганига, оналар, болалар китоб ўқиётгани учун қувонади. Рости, бу ерда ҳар куни тадбир уюштирилади. Бир кун тиббиёт ходимлари келса, эртаси куни мактаб, кейин боғча, ундан кейин нуронийлар, оналар, ёшлар, қўйингки, Дилором опанинг тадбирлар тақвими жуда тиғиз, бирор бўш кун йўқ.

Маҳалла раиси бўш вақт топди дегунча, кутубхонага шошади, тадбирларда қатнашади. Ёшлар билан савол-жавоб қилади. Аммо кутубхоначи опа анойи эмас. Бугунги кунда маҳалла кутубхонасида 500 нафардан зиёд китобхон мунтазам мутолаа қилиши қайд этилган бўлса, китоб олиб, уни қайта топшираётганда Дилором опанинг имтиҳонидан ўтади. Ҳатто ўқитувчидан тортиб, маҳалла мутасаддилари ҳам китобни топшираётган пайтда кутутбхоначига асар мазмунини гапириб бериши керак. Йўқса, опа уни китобни ўқиган деб ҳисобламайди.

Опа «Дунёда врач хато қилиши мумкин эмас, ўқитувчи хатоси ҳам кечирилмайди. Худди шундай, кутубхоначининг ҳам хато қилишга ҳаққи йўқ, дейди. Кутубхоначи миллатни, ўзликни тарбиялайди, ватанпарварликдек улуғвор туйғуларни жўш урдиради», дейди ишонч билан. У билан суҳбатлашяпману хаёлимда «Қанийди, ҳамма маҳаллаларда кутубхона очилсаю унда Дилором опа каби ўзи китобхон бўлган кутубхоначилар ишласа», деган ўй кечади. Тан олиш керак, опанинг ҳар бир сўзи ўгит, ҳар бир сўзи маънолар хазинаси. Ўзим ҳам шу суҳбат асносида кўп нарсани ўргандим, ҳис қилдим. Тағинчи, ишонасизми, йўқми, узоқ йиллардан буён қидириб юрганим — бир «хазина»ни шу маҳалла кутутбхонасидан топдим. У Бенджамин Франклин қаламига мансуб «Вақт — бу пул» асари эди. Бинобарин, Франклиннинг «Менга айтинг ва мен унутаман. Менга ўргатинг ва эслайман. Мени жалб қилинг, мен буни билиб оламан» деган ҳикмати ҳаётимизда бугун ҳам асқатади.

Бугун китоб ўқувчилар кўп, аммо китоб ўқишни Дилором опа каби тарғиб қилувчилар камда! Қанийди, ҳамма кексалар ҳам шу онахондан андоза олишса, дейман. Айтмоқчи, Дилором опа кимнидир қўлида китоб кўрса, у билан тез тил топишади, яқин ўртоқ бўлиб қолади.

Бир гал Дилором опа бир банк бошқарувчиси столи устида Жалолиддин Румий асарларини кўриб, «Укажон, ўзимиздан экансизку! Румийни ўқяпсизми?» деб қувониб кетибди. Улар бир зумда қадрдонлардай бўлиб қолишибди. Чунки Румийнинг «Ичиндаги ичиндадур» асарини ўқиган китобхон инсон ва олам, онг ва борлиқ, инкор ва исбот, хаёл ва амал, сурат ва сийрат сингари фалсафий тушунчаларнинг асл моҳиятини англайди.Ҳамма нарса ўзингизда, ҳамма нарса ўзингиздан эканлигига яна бир бор иймон келтирасиз. Ахир Мавлоно «Ё, аслинг каби кўрин, ё, кўринганинг каби бўл» деб бежиз айтмаган. Китоб ўқиган одамнинг асл қиёфасини бир оғиз гапидан англаб олиш қийин эмаслигини Дилором опа бот-бот такрорлайди

Ўша куни ишга «қулоғим»гача ботиб турган эдим, Дилором опа қўнғироқ қилиб қолди. Телефондаги суҳбат анчагина чўзилсада, мен уни тугашини истамасдим. Опа Лев Толстойнинг «Анна Каренина» асарини ўқиётганини айтди.

— Бу асарни ёшлигимда ўқиган эдим, — дейди Дилором опа. — Аммо ёшликда ўқиган билан улғайганда ўқиганингда катта фарқ бор экан. Бугун бу асарни худди қайта кашф қилгандай бўляпман.

Ҳа, шундай мукаммал асарлар бўладики, унинг мағзини чақиш учун анча йиллар ҳам кифоя қилмайди. Масалан, мен ҳам Лев Толстойнинг «Одамлар ҳамма нарсадан ҳам кўра инсофни ноинсофликдан ажратишда бир умр адашган ва бундан кейин ҳам адашади», деган гапини ўқиганимда илгари парво қилмаган бўлсам, бугун ёзувчи ҳақ эканини англаб етяпман.

Айтмоқчи, менга узоқ-яқиндан қўнғироқлар бўлиб туради. Аммо битта қўнғироқни интизорлик билан кутаман ва шу қўнғироқ орқали ўзим учун опамдай қадрдон бўлиб қолган онахоннинг сўзларини жон қулоғим билан тинглайман:“...бу асар, аввало, инсон ҳақида — сиз ҳақингизда, мен ҳақимда, умуман, ҳаммамиз ҳақимизда. Бизнинг ўзлигимизни билишимиз ҳақида»...

Ва англаб етаманки, бу қўнғироқ маҳалла кутубхоначисидан, Дилором опадан. Кошки эди, ҳамма маҳалла кутубхоналаридан ҳам шундай қўнғироқлар келиб турса...

Фахриддин Бозоров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер