«Дилором Дўрман» маҳсулотлари Россияда харидоргир

11:18 03 Июль 2024 Жамият
290 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Кармана туманининг «Дўрман» маҳалласида фаолият бошлаган «Дилором Дўрман» текстиль масъулияти чекланган жамиятида бугун «Дўрман», «Кумушкон», «Қаҳрамон» ва «Ҳазора» маҳаллаларидан 50 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланган.

Болалар кийимлари тикишга ихтисослашган ушбу тикув корхонаси 2021 йилда ташкил этилган. Унда 20 турдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиб, бир кунлик қувват 2000 донага тенг.

— Биз асосан ярим тайёр маҳсулотлар билан ишлаймиз, — дейди корхона раҳбари Асадбек Ахтамов. — Пойтахтдаги болалар кийимлари ишлаб чиқарадиган «Bonito Kids» ва «Biryuza Group» корхоналари билан шартнома тузганмиз. Улардан бичим кўринишидаги маҳсулотларни буюртма асосида қабул қилиб, тайёр маҳсулот ҳолида қайтарамиз. Экспорт ҳам улар орқали амалга оширилади. Маҳсулотларимиз ҳозирги кунда фақат Россияга экспорт қилинмоқда.

Корхонада, асосан, мавсумга қараб, болалар кийимлари тикилади. Тадбиркор имтиёзли кредит олиб, яна 50 та тикув ускунаси олиб келиш ҳаракатида. Бу қўшимча иш ўринлари яратиш билан бирга, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва экспорт салмоғини ҳам ошириши тайин.

— Меҳнат жамоамизнинг 30 фоизини «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари»да турган хотин-қизлар ташкил этади, — дейди корхона тикув устаси Нафиса Адизова. — Навоий шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономаркази билан шартномамиз бор. Янги ишга қабул қилинган қизлар ўша ерда 3 ойлик махсус курсларда ўқитилади.

Корхонада бичим кўринишидаги материаллар тайёр маҳсулот ҳолига келтирилгунча 20 тага яқин босқичдан ўтади. Маҳсулот сифати ҳар бир босқичда алоҳида назорат қилинади. Яқин келажакда «Дилором Дўрман» бренди яратилиб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нафақат Россияда, балки бошқа минтақалар бозорида ҳам рақобатбардошлигини таъминлаш устида иш олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер