Депутатлар вазирлик ахборотини қандай баҳолади?

17:26 16 Декабрь 2022 Сиёсат
710 0

Жорий йилнинг 16 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан эшитув ўтказилди.

Унда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигининг «2022 йилда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалаларнинг қай даражада ҳал этилаётганлиги тўғрисида»ги ахбороти тингланди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизни барқарор ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини ошириш, одамларни ҳаётдан рози бўлиб, эртанги кунга қатъий ишонч билан муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашда жамиятнинг энг муҳим бўғини ҳисобланган маҳалла институтининг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Айниқса, маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг жараёнлар марказида бўлиши, маҳалласидаги мавжуд муаммоларни энг муҳим масала сифатида маҳаллий ҳокимликлар олдига қўйиши бўйича янги амалиёт тизими яратилмоқда. Асосийси, бугун одамларни йилларда давомида ўйлантириб келган масалалар маҳалланинг ўзида ҳал этиляпти.

Хусусан, жорий йилда фуқаролардан келиб тушган 20 270 та мурожаатнинг 15 409 таси қаноатлантирилган бўлса, 3 769 тасига тушунтиришлар берилган. 251 та мурожаат тегишлилиги бўйича мутасадди ташкилотларга йўналтирилган. 666 таси эса ҳозирда кўриб чиқилмоқда. Ушбу мурожаатларнинг салмоқли қисми Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Фарғона, Тошкент, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳридан келиб тушган.

Фуқаролардан келиб тушган мурожаатларнинг аксарият қисмини моддий ёрдам ва ижтимоий нафақа тўловларини ажратиш, муҳтожларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш, маҳалла раисларини фаолияти, «Аёллар дафтари», «Темир дафтар» ва «Ёшлар дафтари», уй-жойини таъмирлаш ва соғлиғини тиклаш учун моддий ёрдам ажратиш ва бошқа шу каби масалалар ташкил этади.

Эшитув давомида депутатлар маҳалла жамиятимизга дахлдор барча масалаларни ҳал этишда бевосита иштирок этувчи, халқ ва давлатни бир-бирига яқинлаштириб турувчи улар ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи муҳим тузилма эканлигини айтиб, аҳоли мурожаатлари аввало шу ернинг ўзида ҳал этилиши лозимлигини қайд этишди.

Бу борада маҳалла раислари бой ҳаётий тажрибага эга, адолатли, кўпни кўрган, маҳалла аҳлини эзгу ишларга эргаштира олиш қобилиятига эга бўлиши кераклигини айтиб, маҳалла раисларининг малакасини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан қизиқди.

Қайд этилдики, давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ, жорий йил май ойида янги сайланган 9 349 та маҳалла раислари учун маҳалла институтига оид ҳужжатлар мазмун-моҳиятини, маҳаллабай ишлаш тизимини ривожлантириш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш борасидаги билим ва малакаларини оширишга қаратилган ўқув семинари дастури ва ташкилий тадбирлар ишлаб чиқилган.

Маҳалла раислари учун бир ҳафтага мўлжалланган ўқув семинарлар жорий йил 27 июндан – 5 августгача Ўқув режа-дастури асосида 25 тадан гуруҳларга бўлинган ҳолда ҳудудлардаги хусусан, Тошкент ва Нукус шаҳридаги ҳамда вилоятлар марказларидаги салоҳиятли олийгоҳларда ўтказилган.

Ахборотда келтирилганидек, халқ билан мулоқот, уларнинг дарду ташвиши билан яшаш энг асосий мақсад бўлиб, унинг рўёби юртимиз равнақига, фуқароларнинг тинч, осуда, фаровон ҳаёт кечиришларини таъминлашга хизмат қилади.

Шу жиҳатдан, вазир ва вазирлик раҳбарияти, марказий аппарат масъул ходимлари ҳудудларда ўтказган сайёр қабуллари чоғида 2 480 дан ортиқ мурожаатлар жойида ҳал қилинган бўлса, 990 таси жойида тегишли ташкилот ва идораларга йўналтирилди. Қолаверса, вазирлик томонидан аҳоли мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда тизимли муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш бўйича жойларда ўтказилаётган сайёр қабулларларда ҳам кўплаб масалаларга ечим топилмоқда.

Депутатлар вазирлик томонидан қилинган ишларни ижобий баҳолаган ҳолда, шу билан бирга жойларда сайловчилар билан учрашувлар чоғида фуқаролар томонидан турли масалаларга оид мурожаатлар кўтарилаётгани, маҳалланинг ўзида ҳал этиш имконияти мавжуд бўлган масалаларда одамлар сарсон бўлаётганликларини, бу эса мурожаатларнинг ортишига олиб келаётганлигини билдирди.

Эшитув давомида қўмита аъзолари томонидан вазирлик тизимидаги ходимлар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг мурожаатлар билан ишлаш бўйича билим ва малакасини ошириш, такрорий мурожаатлар бўйича аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

Йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер