Депутатлар Омбудсман фаолиятини қандай баҳолади?

15:12 14 Февраль 2023 Сиёсат
662 0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида дастлаб Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман)нинг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ф.Эшматова таъкидлаганидек, ўтган 2022 йил мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, унга риоя этилишини мониторинг қилиш, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли ва давлат органлари вакиллари ҳуқуқий онгини ҳамда хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларига мунтазам кириб туриш орқали маҳкумларни қийноққа солишнинг олдини олиш борасида Омбудсманнинг ўрни ва роли сезиларли даражада ошди.

Мажлисда қайд этилганидек, ҳисобот йилида Омбудсман номига жами 17761 та мурожаат (2021 йилда 18738 та) келиб тушган. Уларнинг 14526 таси Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл фуқаролари, хорижий давлатлар омбудсманларидан, шунингдек, 3235 таси ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахслар ва уларнинг қонуний вакиллари томонидан юборилган. 

2022 йилда Омбудсман томонидан фуқаролар мурожаатларини ўрганиш давомида бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан ташкилот ва мансабдор шахсларга 134 та таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилган. Хусусан, давлат органларига, ташкилотларига ҳамда судларга фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан 20 та тақдимнома, 36 та хулоса, 78 та даъво аризалари киритилган. Мазкур кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 42,5 фоизга ошган.

2022 йилда ўтказилган мониторинг ташрифлари сони 381 маротабани (2021 йилда 177 та мониторинг ташрифлари) ташкил этиб, бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 2,2 баробарга ошган. Натижада жазони ижро этиш муассасаларида инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлашга эришилган.

Шунингдек, ўтган йил давомида Омбудсман номига ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячилари томонидан жами 3235 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 52,5 фоизи бевосита маҳкум ва маҳбуслар томонидан юборилган.

Мажлис якунида депутатлар томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди ҳамда кўриб чиқилган мазкур масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер