Депутатлар «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқишмоқда

11:40 21 Ноябрь 2023 Сиёсат
258 0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бошланди.

Мажлисда депутатлар «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқишмоқда.

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари буджетларининг даромадлари ва харажатлари, маҳаллий бюджетлар ва Давлат мақсадли жамғармаларига оид лойиҳада кўзда тутилган тадбирлар, уларни молиялаштириш манбааларига оид маълумотлар чуқур таҳлил қилинганлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Масъул қўмита томонидан қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда лойиҳанинг тегишли моддаларида акс эттирилган нормалар Президент фармон ва қарорлари ҳамда Ҳукумат қарорлари билан уйғунлиги ва асослантирилганлиги ўрганилди. Шунингдек, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда 2024 йилда белгиланган тадбирларни молиялаштириш масалаларига аниқлик киритилди.

Депутатлар муҳокамаларда бюджет даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратдилар. Яширин иқтисодий фаолиятни мумкин қадар қисқартириш, тадбиркорларга тенг имкониятлар яратиш мақсадида рақобат муҳитига салбий таъсир қилувчи самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш, шу орқали солиқ базасини кенгайтириш, вазирлик ва идораларга ажратилиши кўзда тутилган буджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, ажратилган маблағлар натижадорлигини таъминлашга қаратилган кўплаб таклиф ва тавсиялар батафсил ўрганилганлиги, уларнинг аксарияти лойиҳада акс этгани депутатлар томонидан эътироф этилди.

Юк кўтариш қуввати 10 тоннадан юқори бўлган автотранспорт воситалари учун табақалаштирилган йиғим ставкаларини белгилаш кўзда тутилган. Бунда юк кўтариш қувватидан келиб чиқиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда йиғим ундирилиши назарда тутилмоқда.

Депутатлар томонидан биринчи ўқишда акциз солиғи бўйича берилган таклиф манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда чуқур ўрганилиб, жорий этилиши назарда тутилаётган акциз солиғини маҳсулот нархига ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг молиявий натижаларига таъсирини инобатга олган ҳолда энергетик ичимликларнинг 1 литри учун 2000 сўм миқдорида акциз солиғи белгилаш таклиф этилмоқда.

Соғлиқни сақлаш тизими бўйича аҳолининг тиббий хизматларга бўлган талабини юқорилигини инобатга олган ҳолда қўшимча 25,8 млрд. сўм маблағ ажратилиши белгиланмоқда. Республикамизда жисмоний тарбия ва спорт соҳаларини ислоҳ қилиш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга мазкур соҳада давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида аҳамиятли эканлигини ҳисобга олиб спорт турларини оммавийлаштириш ва ривожлантириш дастурларини амалга ошириш харажатлари учун 54 млрд. сўм қўшимча маблағ ажратилмоқда.

Қайд этилганидек, ёшларга кутубхонадан кечки вақтда фойдаланиш учун қулай шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси — ахборот ресурс маркази ҳузуридаги буджетдан ташқари Ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ҳаражатлари учун қўшимча маблағ ажратиш кўзда тутилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер