Депутат 1-гуруҳ ногиронини даволаш масаласини Қарши шаҳар Кенгаши сессиясига олиб чиқди
Фото: Халқ сўзи
Қарши шаҳридаги «Насаф» маҳалла фуқаролар йиғини Эркинлик кўчасида истиқомат қилувчи 48 ёшни қаршилаган Отабек Тиркашев бундан бир неча йил олдин забардаст йигит эди. Ғишт теришда 4-разрядли уста сифатида қурилиш ташкилотларида ишлади.
2021 йилнинг февраль ойида кутилмаганда Отабек Тиркашев қаттиқ шикастланиб, оёғи лат еди. Вақтида даволанмагани туфайли оёғининг шикастланган қисмида сурункали йиринглаш ва кучли оғриқлар пайдо бўлди. Натижада оёғи қийшиқ битиб, юришга қийналадиган бўлиб қолди ва биринчи гуруҳ ногирони деб топилиб, нафақага чиқди.
— Дўхтирга кўрингандим, зудлик билан оёғингизни операция қилмаса бўлмайди, деб айтишди, — дейди О. Тиркашев. — Лекин, мана кўриб турибсиз, бир йилдан буён операцияга пул йиға олмайман. Қўлимга бор-йўғи 700 минг сўмдан зиёд нафақа тегади, 5 миллион сўмни қандай топаман? Шу тариқа кундан-кунга аҳволим оғирлашмоқда.
Яқинда Қарши шаҳар Кенгаши депутати Арзиқул Шеров О. Тиркашев ҳолидан хабар олди. Унинг яшаш шароитларини ўрганди, уни ўз назоратига олганини айтиб, кўнглини кўтарди. Энг муҳими, депутат мазкур 1-гуруҳ ногиронини даволаш масаласини Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши сессиясига олиб чиқди. Депутатлар бир овоздан Отабек Тиркашевга амалий ёрдам кўрсатилишини маъқуллади.
— Эндиликда юртимизда ҳар бир инсон қадрли ва эътиборда эканига ишончим ортяпти, — дейди Отабек Тиркашев. — Бу инсонда келажакка умид, яхши кунларга интилиб яшаш ҳиссини уйғотар экан.
Фахриддин Бозоров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг