Демократия ва сайловларга кўмаклашиш халқаро институти бош котиби билан учрашув бўлиб ўтди
17 апрель куни Швециянинг Стокголм шаҳрида Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Демократия ва сайловларга кўмаклашиш халқаро институти (International IDEA) бош котиби Кевин Касас-Замора билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Содиқ Сафоев Кевин Касас-Заморани Ўзбекистонда сўнгги йилларда сайлов қонунчилигини такомиллаштириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда умумхалқ референдуми учун эълон қилинган янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти билан яқиндан таништирди.
Жумладан, Конституцияга киритилган ўзгартишлар, биринчи навбатда, инсон ҳуқуқи ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш кафолатлари, унинг ижтимоий ҳимояси ва иқтисодий фаровонлиги мустаҳкамланадиган Янги Ўзбекистон қурилишига қаратилганлиги қайд этилди.
Энг муҳим ўзгартиришлар қаторида ўлим жазосини тақиқлаш, “Миранда қоидаси”ни қўллаш, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг ҳуқуқларини кафолатлаш, “Хабеас корпус” институтини акс эттириш ва бошқаларга эътибор қаратилаётгани алоҳида эътироф этилди.
Шу билан бирга, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиевалар томонидан Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар орқали фуқароларнинг меҳнат, ижтимоий ва экологик ҳуқуқларини, шу жумладан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ҳуқуқларини конституциявий жиҳатдан кафолатлашни кучайтиришга, инсон ва фуқаронинг шахсий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини кафолатлашга алоҳида эътибор қаратилганлиги айтиб ўтилди.
Ўз навбатида, Демократия ва сайловларга кўмаклашиш халқаро институти бош котиби Кевин Касас-Замора кенг жамоатчилик муҳокамаси натижасида ишлаб чиқилган ва мамлакатда демократия ҳамда кучли фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ёрдам берадиган Конституцияга киритилган ўзгаришларни мамнуният билан қўллаб-қувватлашини айтди.
Музокаралар якунида демократик институтларни ривожлантириш соҳасида тизимли тажриба алмашишни йўлга қўйиш, сайловларни ташкил этишда шаффофлик, ҳисобдорлик ва самарадорликни таъминлаш, шунингдек, янгиланган Конституцияга мувофиқ Ўзбекистон қонунчилигини уйғунлаштириш бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Демократия ва сайловларга кўмаклашиш халқаро институти 1995-йилда ташкил этилган. У демократик институтлар ва сайлов тартиб-таомилларини қўллаб-қувватлаш ҳамда мустаҳкамлаш соҳасида фаолият юритувчи ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланади. Институт, асосан сайлов жараёнлари, конституциявий қурилишда ёрдам бериш билан шуғулланади, шунингдек, БМТда кузатувчи мақомига ҳам эга.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг