...Демак, репетитор керак!
Иллюстратив фото
Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтида эълон қилинган маълумотларга кўра, умумтаълим мактабларининг 10-11 синф ўқувчилари фанларни ихтиёрий танлов асосида ўқиши ишлаб чиқилган. Унга кўра, ўқув тизими беш йўналишда амалга оширилади:
1. Ижтимоий гуманитар;
2. Хорижий тил ва филологоя йўналиши;
3. Иқтисод йўналиши;
4. Технология йўналиши;
5. Табиий фанлар йўналиши;
2019-2020 ўқув йилида ушбу лойиҳа тажриба тариқасида ўтказилади. Агар натижа берса, ушбу тизим тўлиқ жорий этилади. Бу билан репетиторларга эҳтиёж камаядими, деган савол туғилади. Бу янгиликни умумтаълим мактаби ўқувчилари қандай қабул қилади? Яъни, ўқувчилар репетиторда тайёрланишни афзал биладими, ёки мактабда фанларни тўлиқ ўзлаштира оладими?
Мазкур масала юзасидан бир қанча ёшларнинг фикрини билишга ҳаракат қилдик:
Дурдона БАҲОДИРОВА
— 10-11 синф ўқувчилар ўзларининг қизиққан соҳасидаги фанларни ўрганса, албатта, мақсадга мувофиқ бўлади. Масалан, мен филология ва хорижий тиллларга қизиқсам, олий ўқув юртига киришим учун 10-11 синфда тилларни яхши ўрганиб, ўзимнинг соҳамдаги фанлар билан кўпроқ шуғулланардим. Бу эса ёшлар ўртасида соғлом рақобатни юзага келтиради. Чунки 10-11 синфгача бошқа фанларни ўзлаштирилган бўлса, 2 йил ўз устида фақат танлаган йўналишидаги фанлар билан ишлайди. Ҳозирда репетиторда тайёрланаётган абитуриентлар орасида ўрта махсус касб-ҳунар таълими ва мактабни тугатганлар, мактаб ўқувчилари ҳам бисёр. Бундан кўзланган мақсад бита — олий ўқув юрти талабаси бўлиш.
Репетиторда тайёрланиш оила бюджетига ҳам анчагина зарар келтиради. Чунки репетиторда битта фандан бир ой тайёрланиш ўртача ҳисобда 200 минг сўм бўлса, бир йиллигини ҳисоблайверинг. Унутмаслигимиз керакки, репетиторлар ҳам айнан мактабда ўрганган китобларимиздан дарс ўтади. Биз мактабда фанларни қунт билан ўргансак, репетиторга эҳтиёж қолмаслиги аниқ.
Умиджон АЛИМАРДОНОВ
Юқори синф ўқувчилари ихтисослаштирилган, яъни, ўзлари қизиққан йўналиш фанларини ўрганиши репетиторга бўлган талабни тушира олмайди. Чунки жамиятимиздаги кўп ота-оналар ҳамда ёшларнинг миясига бир фикр сингиб қолган. Яъни, ёшлар қачон ўқишга киради? Қачонки, репетиторда тайёрланса!
Бу янгилик, албатта, яхши. Бу тизим ишга тушгандан кейин ўқитувчиларимиз ҳам доимо ўз устида изланиш олиб бориши ва малакасини ошириши керак.
Наврўза РАҲМАТОВА
Мактабларда 10-11 синф ўқувчилари фанларни ихтиёрий танлов асосида ўқиши, ўқувчининг олий ўқув юртига кириш имтиҳонига бўлган тайёргарлигини мустаҳкамлайди. Ўқувчилар вақтидан унумли фойдалана олади ҳамда рақобат кучайиб, кўпроқ ўз устида ишлай бошлайди. Аммо бу билан репетиторга бўлган талаб умуман йўқ бўлиб кетмайди. Сабаби мактаб, академик лицей ёки касб-ҳунар коллежини битириб, олий ўқув юртига ўта олмаган ёшлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Репетитор аслида ана шу ёшларимизга зарур. Тўғри эмасми? Фикримча, 10-11 синфлар ўртасида ҳам репетиторда тайёрланишни афзал биладиган ёшлар топилади. Бунга сабаб, афсуски, барча ўқитувчилар ҳам ўз касбининг моҳир билимдони эмас.
Юқорида бир-бирига мутаносиб ёки қарама-қарши бўлган бир нечта фикрни кўриб чиқдик. Хулоса ўзингиздан, албатта.
Янги ишлаб чиқилган ўқув тизими ўқувчиларнинг вақтини ва сарф-харажатни тежайди. Агарда бу тизим синов муддатида яхши натижа кўрсатадиган бўлса, репетиторга бўлган талабнинг камайишига ишончим комил. Бу янгилик мактабда дарс ўтадиган ўқитувчиларга ҳам жуда катта маъсулият юклаши табиий. Бинобарин, доимо изланишда бўладиган, ёшлар билан ишлайдиган ҳамда ёшларнинг қизиқишига қараб тўғри йўналиш бера оладиган ўқитувчилар зарур.
Муроджон РАҲМАТОВ,
ЎзЖОКУ талабаси
“Жамият” газетасидан олинган
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг