Деҳқонки дона сочар...
Фото: Халқ сўзи
Фарғона вилоятида жорий йилги чигит экиш мавсумига киришилгани муносабати билан Қўштепа туманида кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Мутахассислар томонидан эътироф этилганидек, бу йилги баҳор серёғин келди ва кейинги ўн йиллар давомида бўлмаган ҳолат кузатилди. Аслида ёмғир қишлоқ хўжалиги экинлари учун фойдали. Ер сувга тўйинади, дала-даштлар яшилликка бурканади, чорва озуқаси мўл бўлади. Аммо кузатилган сурункали ёмғирлар чигит экиш мавсуми юмушларини кечиктирди.
— Яқинда Фарғона вилояти делегацияси Туркия сафарида бўлди, — деди тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров. — Сафар давомида пахта етиштириладиган чекка бир вилоят фермерлар тажрибасини ўргандик. Табиий-иқлим шароити ноқулай, сув тақчил ҳолатда ҳар гектар ердан олинадиган ўртача ҳосилдорлик 60 центнерни ташкил этар экан. Фарғона вилоятида 2021 йили ўртача ҳосилдорлик 34 центнерга етди. Вилоятда ҳар гектар ердан яна 25 центнер ошиғи билан ҳосил олиш имконияти мавжуд. Ҳозирча бундай салоҳиятдан фойдалана олаётганимиз йўқ.

2022 йил пахта ҳосили учун вилоятда 82 минг 80 гектар ерда чигит экиш, ўртача ҳосилдорликни 40 центнерга етказиш режалаштирилган. 12 та пахта-тўқимачилик кластерлари, 2522 та фермер хўжаликлари томонидан 328 минг тоннадан зиёд сифатли пахта хомашёси етиштирилади. Шу мақсадда 149 та чигит экиш отрядлари ташкил этилиб, 10 апрелга қадар мавсум юмушларини тўлиқ бажариш кўзда тутилган.
Удумга кўра, бу йилги ҳосилларимиз, ризқу рўзимиз баракали, мўл бўлиши учун эзгу дуолар қилинди. Зотан, ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда, деҳқонки дона сочар, элга ризқ йўлин очар.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг