Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ташкилотнинг блокларга қўшилмаслик мақомини ва унинг очиқлигини сақлаб қолиш муҳим эканини қайд этди
Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо Давлат раҳбарлари кенгашининг тор доирадаги учрашувидан сўнг кенгайтирилган тартибдаги мажлис бошланди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзламоқда. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Президентимиз ШҲТ таркиби кенгайиб, шериклик муносабатларимиз ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Эрон Ислом Республикасининг Ташкилотга тўлақонли аъзо сифатидаги мажбуриятлари тўғрисидаги Меморандум имзоланди.
Миср Араб Республикаси ва Қатар Давлатига мулоқот бўйича шериклар мақоми берилди.
Беларус Республикасига ШҲТнинг тўлақонли аъзоси, Баҳрайн Подшоҳлиги, Кувайт Давлати, Малдив Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мянма Иттифоқи Республикасига – мулоқот бўйича шериклар мақомини бериш жараёнлари бошланади.
«ШҲТнинг географик қамрови кенгаяётгани ўз мисолида самарадорлик, ўзаро бир-бирини тушуниш ва амалий саъй-ҳаракатларни намойиш этаётган Ташкилотимиз фаолиятининг долзарблигини яна бир тасдиқламоқда», деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ташкилотнинг блокларга қўшилмаслик мақомини ва унинг очиқлигини сақлаб қолиш муҳим эканини қайд этди.
«Биз хавфсизликнинг яхлитлик тамойилига қатъий риоя қиламиз. ШҲТнинг фаолияти кенг ҳамкорликка йўналтирилган бўлиши лозим. Марказий Осиё ШҲТнинг «географик ядроси» мақомини сақлаб қолиши кераклигига ҳам ишончимиз комил», деди у.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг