Давлатдан олинган субсидиялар мақсадли ишлатиляпти(ми?)

14:45 23 Июнь 2022 Жамият
1012 0

Фото: Халқ сўзи

Глобал экологик таназзул таъсири ўлароқ, дунё миқёсида сув танқислиги муаммоси тобора долзарб бўлиб бораётган бир шароитда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасига сув тежамкор технологияларини кенг татбиқ этиш масаласига жиддий ёндашилмоқда. Бу борада Президентимизнинг шу йил 1 мартдаги «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори муҳим аҳамият касб этаётир.

Қарорнинг 5-бандига кўра субсидия маблағлари сувни тежайдиган суғориш тизимлари камида беш йил ишлатилиши шарти билан ажратилиши, шунинг баробарида 2021 йилда сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилганлиги учун давлат бюджетидан субсидия маблағларини олган, бироқ жорий этилган сувни тежайдиган суғориш тизимларини суғориш мавсумида ишлатишга улгурмаган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари мазкур тизимни 2022 йил суғориш мавсумига қадар ишга туширмаган тақдирда олинган субсидия маблағларини белгиланган тартибда давлат бюджетига қайтарилиши белгиланди.

— Жиззах вилояти бўйича 2021 йилда 12 минг 620 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилган 405 нафар талабгорга субсидия маблағлари ажратилган, — дейди «Ўзагроинспекция»нинг Жиззах вилоят бошқармаси бош инспектори Ихтиёр Душабоев. — Сув хўжалиги вазирлиги томонидан пахта майдонларида 350 дона томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган бўлса, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан 6 та ҳамда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги томонидан 41 дона сув тежамкор технологиялар жорий этилган.

Шунингдек, ўтган йили Алкагол ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилган 8 нафар талабгорга субсидия маблағлари ажратилган.

Айни йўналишдаги ишларни назорат қилиш «Ўзагроинспекция» ходимларига юкланган. Шундан келиб чиққан ҳолда 2021 йилда сув тежовчи технологияларни жорий қилган 405 нафар талабгорга технологияларни 2022 йилги суғориш мавсумида ишга туширмаган тақдирда субсидия маблағларини белгиланган тартибда давлат бюджетига қайтариш юзасидан «Ўзагроинспекция»нинг Жиззах вилоят бошқармаси томонидан 60 та огоҳлантирув хатлари юборилган.

— Жорий йил якунига қадар Зомин туманида жами 1,180 гектар майдонда сув тежаш технологияларини ўрнатиш орқали боғ-токзорлар ва бошқа экин майдонларини ташкил этиш режалаштирилган, — дейди «Ўзагроинспекция»нинг Зомин туман бўлими катта инспектори Алижон Абдуллаев. — Бу ускуналарнинг асосий қисми Зомин ўрмон хўжалигида ўрнатилса, қолгани «Боғи боғбон барака», «Зомин бондерфул фуд», «Зомин бест фуд» МЧЖларига қарашли ер майдонларига жойлаштирилади.

Инспекциянинг Зомин туман бўлими томонидан олиб борилган ўрганишларга кўра, 420 гектар майдонга томчилатиб суғоришни жорий қилиш учун 9 миллиард 676 миллион сўмлик шартномалар расмийлаштирилган. Натижада 8 та фермер хўжаликларининг 365 гектар майдонида томчилатиб суғориш бўйича қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

Толибжон ЭРГАШEВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер