Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ташкил этилди. ДТС учун тўлов қилинадими?
Сирдарёда давлат тиббий суғуртаси тизими жорий этилмоқда. Ташкил этилган Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси мазкур вилоят соғлиқни сақлаш тизимида 2021 йилнинг 1 июлидан 2022 йилнинг охирига қадар тажриба-синов лойиҳаси доирасида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва янги молиявий механизмларни апробациядан ўтказилади.
Жорий этилаётган янги тизим биринчидан, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўламини янада ошишига ёрдам берса, иккинчидан, касалликларни олдини олиш ва эрта аниқлаш, аҳолининг ўртача умр кўриш даражасини узайтириш имконини беради. Учинчидан, тиббий хизмат кўрсатишда соғлом рақобат муҳити яратилади. Тўртинчидан эса, кимга, қайси врач қабулига кирсам экан, ёзиб берилган дориларни қаердан топсам бўлади, харажатичи, деган саволларга ўрин қолдирмайди. Қолаверса, янги тизим сабаб оилавий шифокорларни обрўси ортади. Оилавий шифокор пункти, поликлиникаларнинг дори-дармон билан таъминланиш даражаси ошади. Бу эса кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ошиши ҳамда кўлами кенгайишига хизмат қилади.
Хўш, тиббий суғурта учун тўлов қилинадими, йўқми?
- Аслида бепул тиббий хизмат дегани нисбий тушунча,- дейди Давлат тиббий суғурта жамғармаси директорининг биринчи ўринбосари Зоҳид Эрматов. – Яъни тиббий суғурта учун фуқаролар томонидан ҳеч қандай тўлов амалга оширилмаса-да, давлат тиббий муассасасида бепул даволанаётган беморнинг харажатлари бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади. Аксарият давлатларда эса бунинг акси. Улар тиббий хизмат кўрсатиш харажатларини қоплаш учун ўз даромадидан ажратмалар тўлаб боради.
Маълумот учун. Сирдарёда амалга татбиқ қилинаётган тиббий ёрдам кўрсатишнинг бутунлай янгича тизими Президентимизнинг «Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган Сирдарё вилоятида давлат тиббий суғуртаси тизимини тажриба-синов тариқасида жорий этиш концепцияси бандларида ёритиб берилган.
Давлат тиббий суғуртаси ҳақидаги батафсил маълумотлар билан эртага, 27- апрелда Гулистон шаҳрида айнан шу мавзуга бағишлаб ўтказиладиган брифинг тафсилотлари орқали янада чуқурроқ таништирамиз.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг