Давлат мукофотлари ўз эгаларига топширилди
Самарқанд вилояти ҳокимлигида Президентимизнинг тегишли фармонларига мувофиқ мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги арафасида давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланган бир гуруҳ юртдошларимизга ана шу мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди.



— Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигида, халқимиз турмуш фаровонлиги, ҳудудлар ободлигини таъминлашда ҳар бирингизнинг муносиб ҳиссангиз бор, — деди маросимда вилоят раҳбари Адиз Бобоев. — Саноат, қурилиш, хизматлар кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, таълим ва бошқа ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг изчил ривожланишида фидойилик намуналарини кўрсатмоқдасиз. Ана шу жонкуярлигингиз бугун энг улуғ, энг азиз байрамимизда муносиб эътироф этилмоқда. Бундай эътибор ва ишонч билан сизларни табриклаб, келгуси ишларингизга ҳам омад тилайман.


Тадбирда 17 нафар турли соҳа вакилларига унвон, орден ва медаллар тантанали равишда топширилди.


Ўз навбатида, мукофотланганлар номидан сўзга чиққанлар юксак эътироф ва эътибор учун ўзларининг миннатдорлигини билдирди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг