Давлат хизматлари агентлиги халқ хизматида!
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Эътиборлиси олиб борилаётган ислоҳотларнинг барида халқимиз манфаатлари, ҳуқуқ ва бурчлари давлат химояси остига олинган бўлиб, турли бюрократик, сансалорлик ва коррупциянинг олдини олиш, халқимизнинг давлат идораларидан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.
Юртимизда ана шундай турли сарсонгарчиликларнинг олдини олиш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди. Бугунки кунда агентлик томонидан давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, аҳоли ҳаёт сифатини, инвестиция иқлимини, ишчанлик муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлат хизматлари марказларида аҳолига тезкор, сифатли ва кенг турдаги давлат хизматларини кўрсатиш мақсадида самарали ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Давлат хизматлари агентлиги ташкил топган кунидан бошлаб Давлат хизматлари марказларида аҳолига инновацион технологиялар ва замон талабларига мос равишда кўрсатиб келинаётган 16 турдаги хизматлар сони 148 тага етказилди. Бундан ташқари, туғилганлик ҳақида гувоҳнома, болаларни мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш, улар билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш каби юмушлар ҳам Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади.
Жорий йилнинг 9 ой давомида Хоразм вилояти туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига жами 389 мингдан ортиқ хизматлар кўрсатилди. Жумладан, дори воситалари чакана савдоси билан шуғулланиш учун рухсатнома, ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисида, ипотека тўғрисидаги шартномаларни рўйхатдан ўтказиш, тиббий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини лицензиялаш, электрон рақамли имзо калитларини бериш, қурилиш-монтаж ишларига рухсатнома бериш, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш ва бошқа кўплаб давлат хизматлари шулар жумласидандир. Бунда барча давлат хизматлари тезкор, қулай, шаффоф ва сифатли тамойиллар асосида кўрсатилади. Йил давомида 12 000 дан зиёд тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, уларнинг қарийб 300 га яқини сайёр тартибда амалга оширилди. Аҳолини марказлар фаолияти, кўрсатиладиган давлат хизматлари турлари билан яқиндан таништириш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги томонидан республикамизнинг энг олис, чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар ва ишбилармонлар билан учрашувлар ташкил қилинмоқда. Шунингдек, вилоятдаги туман (шахар) марказларига бориб 150га якин ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ҳам ўтказилди. Мазкур тадбирларда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар, қонунчиликдаги янгиликлар хусусида маълумотлар бериб борилади.
Хоразм вилояти туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари ҳамда ваколатли идора ва ташкилотлар ўртасида ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) электрон тизими орқали 10 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Барча туман давлат хизматлари марказларида электрон навбатдан фойдаланиш учун алоҳида электрон навбат киоскаси ташкил этилди. Шунингдек, бошқарма ходимлари томонидан ташкилотларда қонун бузилиши ҳолатлари ҳам ўрганилиб, жорий йил 2 маротаба 16 та ташкилотда текширув ишлари олиб борилди. Ўрганишлар давомида жами 25 мингдан ортиқ қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган бўлиб, шунга мувофиқ ҳисобот даврида 8 та тақдимнома ва 110 та огоҳлантиришлар киритилди, 160 нафар шахсга маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Олис ҳудудларда яшовчи аҳолига зарур мобиль давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлаш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги барча фуқароларимизга яшаш жойидан қатъи назар, сифатли давлат хизматларидан фойдаланиш имконини яратишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Дам олиш кунлари туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари ходимлари махсус техника билан жиҳозланган автобус ва «Дамас»ларда энг чекка ҳудудларга бориб, аҳолига керакли давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда, 9 ой давомида аҳолига 3минг дан ортиқ мобиль, сайёр хизматлар кўрсатилди.
Бугунги кунда вилоятимизнинг барча ҳудудларида янги замонавий, инновацион ва ҳар томонлама қулай Давлат хизматлари марказлари бинолари бирин кетин фойдаланишга топширилмоқда. Хусусан, шу қисқа вакт ичида Хоразм вилоятида 13та туман бўлса шундан 12тасида ДХМ янги бинолари қурилиб фойдаланишга топширилди ва якин кунларда 13чи Тупроққалъа туманидахам қурилиш ишлари ўз нихаясига етиб, киска муддатларда фойдаланишга топширилиши кутилмокда.Шу билан бирга, вилоятимизнинг энг чекка ҳудудларидан бири бўлган Тупроққалъа туманида шахобча ташкил этилган бўлиб, якин кунларда Кўшкўпир ва Хива туманларнинг чекка ҳудудларидахам давлат хизматлари марказлари филиаллари очилиши кўзда тутилмоқда. Бу эса ҳамюртларимиз учун анчагина қулайлик яратаётир, боиси улар қимматли вақтини ва “нақд”ини сарфлаб туман марказларига боришларига ҳожат йўқ.
Умуман олганда давлат хизматлари агентлигининг асосий мақсади, аҳолига турли тўсиқларсиз ва ортиқча ҳужжатларсиз давлат хизматлари кўрсатишдан иборатдир. Давлат хизматлари агентлиги томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бари юртдошларимизнинг давлат хизматларидан кўнгли тўлиб ва унумли фойдаланишлари йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлардир. Зеро Президентимиз таъкидлаганларидек, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши лозим”.
Мўминжон Атаев,
Давлат хизматлари агентлиги Хоразм вилояти
бошқармаси бошлиғи ўринбосари.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг