Давлат идораларида қоғоз сарфи учун чеклов жорий қилинади

13:15 19 Март 2026 Ҳужжатлар
414 0

Иллюстратив фото

Жорий йилнинг 18 март куни Ҳукуматнинг «Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятида иш жараёнларини рақамлаштириш доирасида қоғоздан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 109-сон қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 июнга қадар ишлатилган қоғозларни йиғиш учун махсус чиқинди қути (контейнер)лари ташкил этилади ва уларни қайта ишлаш корхоналарига етказиш тизими йўлга қўйилади. Шунингдек, ҳар бир таркибий бўлинмадаги ходимлар сони, иш ҳажми ва ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, қоғоз сарфи учун чеклов жорий қилинади.

2026 йил 1 майдан республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида келгуси 5 йилда харажатлар сметасини тузиш жараёнида қоғоз, сиёҳ, принтер ва нусха кўчириш ускуналарини харид қилиш харажатлари миқдори ҳар йили 15 фоизга камайтирилган ҳолда режалаштирилади.

Бундан ташқари, принтерлардан марказлашган ҳолда умумий фойдаланиш тизими жорий қилинади. Бунда умумий фойдаланишдаги очиқ офисда фаолият юритувчи ҳар 20 нафар ходим учун 1 дона принтер ажратилади. Ҳар ойда 1 маротаба «Қоғозсиз бир кун» экоакцияси ўтказилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер