Давлат фуқаролик хизматига ишонч янада ортмоқда
Илҳом Қурбонов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги департамент мудири:
— Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат фуқаролик хизмати фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хўжалик бошқаруви органлари томонидан давлат бошқаруви ва хўжалик функцияларини бирга қўшиб олиб бориш амалиётидан воз кечиш, давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда ижтимоий таъминлашнинг замонавий тизимини яратиш бўйича чоралар кўрилмоқда.
Шу билан бирга, давлат органлари ва ташкилотларининг малакали мутахассислар билан етарли даражада таъминлашга, кадрлар малакасининг юклатилган вазифалар ва замонавий эҳтиёжларга мувофиқлигига, қабул қилинаётган қарорлар сифатининг ошишига олиб келаётган бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, давлат фуқаролик хизматини, шу жумладан номзодларни очиқ мустақил танлов орқали саралаб олиш жараёнини комплекс ҳуқуқий тартибга солишни таъминловчи, шунингдек, давлат фуқаролик хизматчиларининг иш самарадорлиги ва компетенциясини баҳоловчи мезонларни, уларнинг малакасини оширишга бўлган талаблар юзасидан самарали механизмлар соҳага татбиқ этиляпти.
Давлат фуқаролик хизмати масалалари бўйича ваколатли орган — Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, унинг ташаббуси билан давлат органлари ва ташкилотларида ягона кадрлар сиёсатини олиб боришга, ходимларни самарали бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришга, малакали кадрлар захирасини рақобат асосида шакллантиришга ҳамда улар томонидан давлат фуқаролик хизматчиларининг вакант лавозимлари ўз вақтида эгалланишига йўл очилмоқда.
Бундан ташқари, давлат фуқаролик хизматига киришда барча фуқароларнинг тенг имкониятлардан фойдаланишини ҳамда давлат фуқаролик хизматида профессионал сифатлар ва алоҳида хизматлар асосида кўтарилиб боришни таъминлайдиган номзодларни саралаб олишнинг шаффоф механизмлари шакллантирилди.
Шунингдек, аҳоли, айниқса ёшлар орасида барча даражалардаги давлат фуқаролик хизмати нуфузини ошириш, коррупциянинг юзага келиши, расмиятчилик ва бюрократияга имкон берувчи шароитларни йўқ қилиш мақсадида давлат фуқаролик хизматчиларини муносиб рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг муносиб даражасини кафолатлаш чоралари кўриляпти.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида инсон ресурсларини ривожлантиришга оид, хусусан, давлат бошқаруви соҳасини ислоҳ қилиш борасидаги ишларни янги сифат босқичига олиб чиқиш, давлат хизматчиларини мунтазам ўқитиш ҳамда билимини баҳолаб бориш тизимини йўлга қўйиш, кадрларни танлашда очиқ ва ошкора танлов тизимини жорий этиш, кадрларни билимли, қатъиятли, коррупцияга тоқатсиз қилиб тайёрлаш борасида қатор вазифалар белгилаб берилди.
Шу мақсадда, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан кадрларни танлашда эски усуллардан воз кечиб, уларнинг интеллектуал салоҳиятини, маънавий фазилатларини баҳолайдиган очиқ ва ошкора танлов тизимини жорий этишга қаратилган ишлар жадаллаштирилди. Агентлик томонидан бир қатор давлат идоралари билан ҳамкорликда давлат фуқаролик хизматига киришда инсон омилини камайтириш ҳамда барча фуқароларнинг тенг имкониятлар яратиш мақсадида Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz платформаси ишлаб чиқилди.
Мазкур портал давлат органлари ва ташкилотларидаги вакант лавозимларни эгаллаш учун номзодларнинг очиқ мустақил танловларини ташкил этадиган электрон тизим бўлиб, Интернет тармоғида «бир дарча» тамойили асосида фаолият кўрсатади.
Портал Ўзбекистон фуқароларига вакант лавозимларга электрон тарзда ҳужжат топшириш имкониятини беради ҳамда номзодларни давлат фуқаролик хизматига қабул қилинишида инсон омилини минимал даражага туширишга хизмат қилади.
Ҳозирги кунга қадар мазкур порталга 50 та вазирлик ва идора, 12 та вилоят ҳамда 190 та туман (шаҳар) ҳокимликлари уланган бўлиб, мавжуд 3 415 та вакант лавозимлар бўйича очиқ танловлар эълон қилинган. Ушбу вакант лавозимларга жами 60 мингдан ортиқ номзоддан ҳужжатлар келиб тушган бўлиб, битта вакант лавозим ўринга ўртача 17-20 киши ҳужжат топширган.
Давлат хизматига кириш учун ҳужжат топширган номзодларнинг 25 фоизи, яъни 15 мингдан ортиғи хотин-қизларни ташкил этади.
1 035 нафар танлов ғолибларининг 373 нафари (36 %) — 30 ёшгача бўлган, 169 нафари (16 %) давлат хизматига биринчи маротаба қабул қилинганларни ташкил этади. Портал фаолияти йўлга қўйилгандан буён, бир кунда ўртача 2-3 нафар фуқаро давлат хизматига очиқ танлов орқали ишга қабул қилинмоқда.
Хусусан, портал орқали давлат органларининг марказий аппаратларига, жумладан, Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига 25 нафар, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига 49 нафар, Молия вазирлигига 20 нафар, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига 9 нафар, Сув хўжалиги вазирлигига 6 нафар, Давлат солиқ қўмитасига 5 нафар малакали кадрлар ишга қабул қилинди.
Вакант лавозимлар учун танловлар нафақат мутахассис кадрлар, балки раҳбар лавозимлар бўйича ҳам ўтказилмоқда. Жумладан, бугунги кунга қадар, Бўка, Бекобод ва Янгиариқ туманлари ҳокими ўринбосарлари лавозимларига очиқ мустақил танлов асосида кадрлар ишга қабул қилинди.
Вакант лавозимлар очиқ портали фаолиятини ёшлар, айниқса олий таълим муассасаларининг битирувчилари ҳамда магистратура йўналишида таҳсил олаётган талабалар ўртасида кенг тарғиб этиш жараёнида, улар томонидан кадрларни танлаш ва лавозимга қўйиш бўйича ушбу тизимнинг йўлга қўйилгани келгусида ёш кадрларнинг давлат хизматига бўлган ишончининг ортиши, салоҳиятли кадрларнинг давлат органларига ишга киришда иштиёқининг ошишига хизмат қилишини таъкидладилар.
Шу каби вазифаларни ўз вақтида ва самарали бажаришда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул орган сифатида вазирлик, идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликларнинг салоҳиятли кадрлар бўлинмаларига таянади. Шу мақсадда, Агентлик давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқаришда ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга қаратилган кенг кўламли ишларни амалиётга татбиқ этиб келмоқда.
Ташкилотларнинг кадрлар бўлинмалари томонидан давлат фуқаролик хизматчиларида юксак касбий ахлоқ-одобни, коррупцияга қарши туриш маданиятини ва унга тоқатсиз муносабатни шакллантириш борасидаги ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда.
Шу билан бирга, доимий равишда кадрлар бўлинмалари раҳбарларининг малакасини оширишга қаратилган махсус курслар ташкил этилиб, унинг якунида давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш жараёнлари ва истиқболларини мониторинг ва таҳлил қилиш ҳамда ушбу соҳадаги муаммолар ва таҳдидларнинг олдини олиш, очиқлик, профессионаллик ва ҳисобдорлик тамойилларига асосланган ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришнинг инновацион усулларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш амалиёти жорий этилди. Бу эса давлат фуқаролик хизматининг ўсиш нуқталарини белгилаш, соҳани янада ривожлантириш ҳамда сифат кўрсаткичларининг ошишига хизмат қилмоқда.
Мурод Аминов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Бухоро вилояти филиали бош инспектори лавозимига ўтказилган очиқ мустақил танлов ғолиби:
— Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг ушбу ташаббуси малакали кадрлар захирасини рақобат асосида шакллантиришга ҳамда улар томонидан давлат фуқаролик хизматчиларининг вакант лавозимлари ўз вақтида эгалланишига йўл очилмоқда. Бу ўз навбатида номзодлардан юксак салоҳият талаб этади. Мен ҳам давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz платформаси орқали ишга жойлашиш учун ариза топширдим. Муҳими, жараёнлар шаффоф, адолатли механизм асосида амалга оширилди. Ушбу очиқ жараён кадрлар билан ишлашнинг замонавий тамойилларига асосланганлиги сабаб, коррупциядан ҳам йироқ. Бу айниқса, биз — ёш кадрларга давлат хизматига бўлган ишончни янада оширмоқда, бу эса ўзимизга бўлган ишончнинг юксалишига сабаб бўлмоқда.
Сурайё Шерқўзиева, Жиззах шаҳар ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига ўтказилган очиқ мустақил танлов ғолиби:

— Инсон ресурсини ривожлантириш борасида мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган амалий ишлар сезиларли даражада ўзгарди. Агентлик давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқаришда ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга қаратилган кенг кўламли ишларни амалиётга татбиқ этиб келмоқда. Вакант лавозимларнинг ягона очиқ портали ана шу эзгу ишнинг амалий ифодаси бўлди. Менда ҳам ушбу очиқ ва ошкора тизимли танловлар орқали карьерамни давом эттиришга иштиёқ туғилди ва у орқали ўзимни синаб кўрдим. Ёш кадр сифатида айтишим мумкинки, илгари олий таълим муассасасида ўқиб юрган кезларимда менда жуда катта савол бор эди: келажакда қандай иш топаман, давлат хизматига кириш қанчалик шаффоф экан, деган. Тенгдошларимга битта маслаҳатим бор: ортиқча маълумотномалар йиғишни тўхтатинг ва давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона платформаси орқали давлат фуқаролик хизматига киришга шошилинг!
Аброржон Ўктамов, Халқ таълими вазирлиги Прогрессив педагогик технологиялар ва таълим соҳасида янги ташаббусларни жорий этиш бўлими бошлиғи лавозимига ўтказилган очиқ мустақил танлов ғолиби:
— Давлат идораларига тажрибали кадр, бизга ўхшаган ёшларга эса муносиб меҳнат шароитлари керак. Очиғи, ривожланган аксар давлатларнинг ишга қабул қилиш жараёнларига ҳавас қилардим. Очиқ, онлайн, кучли рақобат. Айнан давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz платформаси ҳақида ўқиб хурсанд бўлдим. Бу платформа Ўзбекистонда кадрларни ишга қабул қилиш сиёсатида ўзига хос туб бурилиш бўлганлигини англадим. Ва синаб кўрдим. Барча босқичлар онлайн тарзда ўтди ва мен танлов ғолиби бўлдим. Бугун ушбу очиқ портал фаолиятини ёшлар, айниқса олий таълим муассасаларининг битирувчилари ҳамда магистратура йўналишида таҳсил олаётган талабалар ўртасида кенг тарғиб этиш айни муддао деб ўйлайман. Бу механизм орқали ёшларнинг давлат хизматига бўлган ишончи ортади ва салоҳиятли кадрларнинг саралаб олинишига эришади. Натижада салоҳиятли кадрлар қўли билан ҳукумат ва халқ ўртасида ўзаро ишонч пайдо бўлиб, мавжуд муаммоларнинг бартараф этилиши ва янги марралар сари дадил одимланишига эришилади. Шунингдек, соҳаларни янада ривожлантириш ҳамда сифат кўрсаткичларини яхшилаш имконияти кўпаяди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг