Давлат дастурлари ва тадбирларни амалга ошириш учун Давлат бюджетидан жами 53,1 трлн. сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган

15:52 01 Ноябрь 2023 Жамият
227 0

2024 йилда Давлат дастурлари ва тадбирларни амалга ошириш учун Давлат бюджетидан жами 53,1 трлн сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

АОКАда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида 2024/2026 йиллар макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ҳамда 2024 йил учун давлат бюджети лойиҳаси тўғрисида маълумот берилди.

Қайд этилишича, 2024 йилда Ўзбекистон Республикаси ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръати 5,6-5,8%, унда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 6%, қурилиш ишлари – 6,3%, қишлоқ хўжалиги – 4%га ва бозор хизматлари – 14,9%га ўсиши прогноз қилинмоқда.

Кейинги йилда ҳам бюджет харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолиниб, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, фан, маданият ва спортни ривожлантириш, муҳтож аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва бошқа ижтимоий тадбирлар учун жами Давлат бюджети харажатларининг 48 фоизи ёки 151,4 трлн. сўм маблағ йўналтирилади. Бунда:

Инсон капиталини ривожлантириш харажатларига 102,5 трлн. сўм;

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш жами харажатлари учун 18,6 трлн. сўм, шундан кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдамлар тўлаш харажатларига 10,3 трлн. сўм маблағ режалаштирилмоқда.

2024-2026 йиллар учун солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида қуйидагилар белгилаб олинди:

ўрта муддатда асосий солиқ ставкаларини ўзгартирмасдан сақлаб қолиш;

давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 60 фоизлик макроиқтисодий хавфсиз даражадан ошиб кетмаслиги учун барча чораларни кўриш, бунда ўрта муддатда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 50 фоиздан оширмаслик;

йиллик бюджетни шакллантиришда “Натижага йўналтирилган бюджет” тизимини босқичма-босқич тўлақонли жорий этиш;

иш ҳақи ва пенсия миқдорларини инфляциядан кам бўлмаган миқдорда ошириб бориш;

бюджет очиқлигини таъминлаш ҳамда бюджетни шакллантиришда фуқаролар иштирокини янада ошириш.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер