Давлат бюджетининг жорий йил 6 ойлик даромадлари қандай бўлди?
Яқинда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастурининг жорий йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси бўйича ҳисоботини тингладик. Хўш, илк олти ойда иқтисодиётда қандай ўзгаришлар бўлди, белгиланган режалар қай даражада бажарилди?
Албатта, бу борада пандемия шароити жуда кўп ўзгаришларни келтириб чиқарганини таъкидлаш жоиз. Хусусан, 2020 йилнинг январь-февраль ойларида, яъни коронавирус тарқалишининг дастлабки босқичларида, асосан Хитой иқтисодиётига ва кейинчалик ушбу мамлакатдаги вазиятнинг бошқа давлатларга таъсири сезила бошланди. Март ойида эса мазкур касаллик дунёнинг деярли барча давлатларига тарқалиб, ушбу мамлакатлар, жумладан, бизнинг давлатимиз иқтисодиётига ҳам салбий таъсир кўрсата бошлади.
Демак, республикада коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар биринчи навбатда Давлат бюджети ижросига таъсирини ўтказмай қолмади. Жумладан, Давлат бюджетининг 2020 йил 6 ойлик даромадлари 58,2 триллион сўмга ёки тасдиқланган йиллик параметрларга нисбатан 45,3 фоизга ижро этилди. Шундан, 45,8 триллион сўм (78,7 фоиз) солиқ тушумлари, 9,9 триллион сўм (17 фоиз) божхона органлари томонидан ундирилган тушумлар ва 2,5 триллион сўм (4,3 фоиз) бошқа тушумлар ҳиссасига тўғри келди.
Давлат бюджетининг жами харажатлари 64,9 триллион сўмни, шундан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 34,7 триллион сўмни ташкил қилди. Ушбу амалга оширилган харажатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17 фоизга ошган.
Яна бир муҳим маълумотни таъкидлаш керак, 2020 йил 6 ой давомида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш, тадбиркорликни ва аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш бўйича тадбирларга 5,2 триллион сўм молиялаштирилди. Негаки. бу маблағлар ўз вақтида жуда зарурий маблағлар бўлди. Аҳолини саросимадан, ваҳимадан қутқаришга, халққа елкадош, рўзғорига кўмакдош бўлишга сарфланди.
Камбағаллик даражаси пандемия вазиятида янада юзини ёрқинроқ очди, десак муболаға эмас. Айнан шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари томонидан бу йўналишда қатор тадбирлар белгиланиб, ижро учун йўналтирилди. Чунончи, камбағалликни қисқартириш ва аҳолининг турмуш даражасини ўрганиш мақсадида маҳалла паспортлари шакллантирилгани, ҳудудлар салоҳиятини инобатга олган ҳолда, қисқа муддатларда камбағалликни камайтириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ва туманларида тадбиркорликни ривожлантириш орқали мазкур йўналишда амалга ошириладиган ишлар режаси тасдиқланиб, ижроси таъминланаётгани дастурда кўзда тутилган чора-тадбирлар амалга оширилаётгани натижасидир.
Масалан, пандемия шароитида жойларда аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва уларни моддий қўллаб-қувватлаш учун 569 мингта муҳтож оила рўйхатга олинди ва уларга 366,7 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди. Хусусий сектор ривожланишини рағбатлантириш, банкларнинг инвестициявий жозибадорлигини, банк хизматлари оммабоплиги ва сифатини ошириш учун банк секторини тубдан трансформация қилишда олиб борилган ислоҳотлар ҳам айни машаққатли даврда ўзига хос аҳамият касб этди.
Ҳисоботни тингларканмиз, бир ҳақиқатга амин бўлдик. Давлатимиз ҳар доим, айниқса, синовли ва машаққатли паллаларда халққа елкадош, бор имкониятларини эл манфаатлари йўлида сафарбар этишга тайёр. Давлат дастурининг ижроси таъминланишида айни мақсадни яққол илғадик.
Жавлонбек ЭРГАШEВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг