Дастурхонимиз тўкинлиги — сизнинг меҳнатингиз маҳсули, азиз деҳқонлар!

13:41 12 Декабрь 2020 Сиёсат
1032 0

Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан ҳар йили мамлакатимизда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни кенг нишонланиб келинмоқда. Бу йилги нишонланадиган байрам муносабати билан барча фермер ва деҳқонларимизни самимий табриклайман.

Таъкидлаш жоизки, жорий йил мамлакатимизда пандемия сабабли синовли кунларда ҳам аҳолимизнинг озиқ-овқат маҳсулотга бўлган эҳтиёжини қондириш, бозорларимиз тўкинлигини, нархларнинг барқарорлигини таъминлашда деҳқон ва фермерларимизнинг ҳиссаси катта бўлди. Айниқса, пандемия даврида фермерларимиз эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларга саховат кўрсатиш, ишсиз хотин-қизлар, ёшларимизни бандлигини таъминлашда ҳам катта жонбозлик кўрсатиб келмоқда.

Шу ўринда қишлоқ хўжалиги соҳаси янада ислоҳ қилингани натижасида бу йил ушбу соҳада улкан муваффақиятларга эришилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Хусусан, Президентимиз томонидан «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармоннинг қабул қилиниши бу соҳадаги муаммоларни тез илғаб олиб ўз вақтида бартараф этиш имконини бермоқда.

Бинобарин, бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида ўз вақтида олиб борилган тадбирлар натижасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ижобий ютуқлар кўзга ташланмоқда. Буни Стратегия доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида», «Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида», «Республика ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари қабул қилингани ва жойларда ижроси таъминланаётгани мисолида яққол кузатиш мумкин.

Жумладан, Стратегия доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 та Фармони, 9 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 5 та қарори қабул қилинди.

Бунинг самараси ўлароқ мамлакатимизда суғориладиган майдонларда ўртача гектаридан 57 центнердан ортиқ, лалми майдонларда эса ўртача гектаридан 11 центнер ҳосил олиниб, жами 6,4 миллион тонна дон етиштирилди. 2021 йил ҳосили учун 272 минг тоннадан ортиқ сара уруғлик жамғарилгани ва давлат эҳтиёжлари учун 3,5 миллион тоннага яқин дон экспорт қилингани сўзимизга яққол мисол бўла олади. Ёки 2020 йилда республикамиз аҳолисини арзон ва сифатли мева-сабзавот маҳсулотларига бўлган талабини барқарор таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида, ҳар бир ҳудуднинг ички имкониятларидан келиб чиқиб, республикада барча тоифа хўжаликларида 22,6 миллион тонна мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш бўйича чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилгани ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасини барқарорлигини таъминлаш йўлида катта саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганидан далолат бериб турибди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилган бу каби ютуқларда деҳқон ва фермерларимизнинг ўрни беқиёслигини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Фурсатдан фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги соҳасининг барча жонкуяр ходимларини, соҳага алоқадор ташкилотлар ва корхоналар раҳбарлари, ишчи-ходимларини қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан самимий муборакбод этаман. Мамлакатимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида олиб бораётган самарали фаолиятингизда ютуқ ва омадлар тилайман.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер