“Дастхатли китоблар кутубхонаси” яратилди
Самарқанд туманидаги “Ёш китобхон маскани”да Самарқанд тумани ҳокими Носир Мавлоновнинг навбатдаги “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.
Самимий ва ошкора руҳда ўтган тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши аъзолари, ўқувчилар, ёш тадбиркорлар, блогерлар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан туман ҳокимига тўғридан-тўғри мурожаат қилишди. Жойида ҳал қилиш имкони бўлган оғзаки мурожаатлар қаноатлантирилди. Атрофлича ўрганиш тақозо этиладиган масалалар, жумладан Ж.Адашкулов томонидан Мирзо Улуғбек маҳалласида жойлашган спорт майдончасини замонавийлаштириш ва спорт анжомлари билан таъминлаш, М. Шодиева томонидан маҳаллаларда чиқинди сақлаш қутиларини ташкил этиш каби таклифларни ҳал этиш юзасидан ваколатли идораларга топшириқлар берилди.
Учрашувда ташаббускор ва фаол ёшлар ўзларининг келажак режалари, уларни қийнаётган муаммолар ҳақида очиқ-ойдин гапиришди. Самарқанд туманида ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ёшларда интернетдан фойдаланиш маданиятини ошириш, айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлаш тизимини ишлаб чиқиш бўйича берилган таклифлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Тадбирда шунингдек, ёш тадбиркор Рустам Аҳрорқулов амалга ошираётган “Биз билмаган мухлислар” лойиҳаси доирасида “Дастхатли китоблар кутубхонаси” яратилиши ҳақида иштирокчиларга гапириб берди. Тадбир сўнгида Самарқанд тумани ҳокими Носир Мавлонов, Самарқанд туман ИИБ бошлиғи Аминжон Тошев томонидан “Ёш китобхон маскани”га китобхонларга атаб тилак ва дастхат қўйилган китоблар совға қилинди.
Абдулазиз Йўлдошев(“Халқ сўзи”)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг