Даштбоғликлар ишонч билдириб, амалдаги раисни қайта сайлашди

11:28 02 Май 2025 Жамият
148 0

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда маҳалла тизимини ислоҳ қилиш, унинг жамиятдаги ўрни ва таъсирини янада кучайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилдан бошлаб «Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида»ги Қонунга киритилган янгиликлар асосида раислар сайлови янгича тартибда ўтказилмоқда.

Наманган шаҳрининг «Даштбоғ» маҳалласида бу муҳим сиёсий жараён вилоятда биринчилардан бўлиб амалга оширилди. Сайлов очиқлик ва шаффофлик принципларига асосланган ҳолда, маҳалла фуқароларининг фаол иштироки билан ташкил этилди. Аҳоли иштирокида ўтказилган адолатли ва холис овоз бериш жараёни жамоатчиликнинг юксак баҳосини олди.

Сўнгги йилларда маҳалла институтини ривожлантириш, унга алоқадор барча хизматларни бирлаштирган «еттилик» тизими — йиғин раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори — ягона жамоа сифатида фаолият юритмоқда. Бу эса маҳалладаги муаммоларга жадал ва ечимли ёндашиш имконини яратаётир.

«Даштбоғ» маҳалласи фуқаролари ушбу сайловда муваффақиятли тажрибага эга Раҳматилла Жабборовга яна бир бор ишонч билдирдилар. У ўз фаолияти давомида ижтимоий барқарорликни таъминлаш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш, ёшлар тарбияси ва бандлик масалаларида юқори натижаларга эришган.

— Муҳим сиёсий жараёнга пухта тайёргарлик кўрилди, — дейди Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Наманган вилоят бошқармаси масъул ходими Тоҳиржон Каримов. — Сайловнинг биринчи куниёқ вилоятдаги 14 та маҳаллада овоз бериш жараёнлари намунали тарзда ташкил этилди. Фуқаролар раисликка кўрсатилган камида икки-уч нафар номзоддан энг муносибини танлаб, ўз муносабатларини эркин билдира олдилар.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда Наманган вилоятида 788 та маҳалла фаолият юритмоқда. Қонунга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, фуқаролар йиғини раисининг ваколат муддати эндиликда 5 йил этиб белгиланди. Бу эса маҳалла раисларига узоқ муддатли ва барқарор режалар асосида иш олиб бориш учун муҳим имконият яратади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер