Дарахт остида қолган хитойлик ярим миллион доллар компенсация олди
Ўтган йили март ойида Хитойнинг Хебей провинцияси Ланфан шаҳридаги кўчалардан бирида велосипед ҳайдаб кетаётган Ян устига йўл четидаги дарахтлардан бири қулаб, велосипедчи жиддий жароҳат олади.
Оқибатда олган жароҳатлари туфайли қарийб бир йил касалхонада даволанган Ян бир миллион юандан (тахминан 155 минг доллар) ошиқ харажат қилишига тўғри келди. Энг ёмони, биринчи гуруҳ ногиронига айланди.
Ян маҳаллий ободонлаштириш марказини судга бериб, кўрган моддий ва маънавий зарарлари учун 4,3 миллион юань (тахминан 667 минг доллар) миқдорида товон пули талаб қилди. Жабрланувчининг таъкидлашича, марказ дарахт экиш ва парваришлаш ишларига виждонан ёндашмаган. Бунинг исботи тариқасида устига қулаб тушган дарахт илдизи қуриб қолганига оид фотосуратларни тақдим этди.
Суд айбланувчи жабрланувчига 3,7 миллион юань (тахминан 574 минг доллар) миқдорида компенсация тўлаши ҳақида қарор чиқарди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг