Данғара туманида ёмғирлатиб суғориш тизимини жорий этишда нега сусткашликка йўл қўйиляпти?

18:55 20 Октябр 2023 Жамият
232 0

Фарғона вилоятининг Данғара туманида қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган 1200 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш режалаштирилган эди. Аммо бугунги кунга қадар бу борада белгиланган ишлар сусткашлик билан олиб борилмоқда. Хўш, бунга сабаб нимада?

Қишлоқ хўжалигида кузги юмушлар, хусусан, ички ариқ-зовурларни тозалаш, шўр ювишга тайёргарлик, тўқсонбости экинлар экишни якунлаш, сув иншоотларини қуриш масалалари бўйича ўтказилган кенгайтирилган амалий–семинарда муҳим вазифалар таҳлил ва танқид руҳида муҳокама қилинди.

Семинарда Данғара тумани ҳокими Шуҳратжон Тожиҳакимов қишлоқ хўжалигида сув тежамкорлигига эришиш мақсадида туманда 1200 гектар ерда ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш режалаштирилгани, лекин белгиланган юмушлар суст бажарилаётганини танқид қилди. Таъкидланганидек, бу борада туманнинг экин майдонларини суғориш қийин бўлган фермер хўжаликлари раҳбарлари уч томонлама шартнома тузишни пайсалга солиб келмоқда. Ҳозиргача 551 гектар ерга шартнома тузилган, холос. Ваҳоланки, шартнома имзоланса, фермер хўжалиги далаларига мазкур технологияларни ўз вақтида ўрнатиш бўйича муаммо бўлмайди.

Юртимизда сув ресурслари тобора тақчил бўлиб бораётган бугунги шароитда сув тежаш технологияларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Йиғилишда бунинг учун ҳар бир ҳудуд кесимида ишни режа асосида ташкил этиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

— Юзма–юз мулоқотда ўз хўжалигида ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этиш ниятидаги фермерлар ҳам қатнашди, — дейди “Сирдарё–Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Ҳамиджон Бурҳонов. — Йиғилишда ёмғирлатиб суғоришнинг афзаллиги тумандаги “Овул тонги” фермер хўжалиги мисолида тушунтирилди.

Фермер хўжалигида 30 гектар ерга ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий этилаётган бўлиб, дастлабки ҳисоб–китобларга қараганда ушбу технология ҳосил етиштириш таннархини бир неча баробарга қисқариши, ўз навбатида даромад салмоғи сезиларли даражада ошиши кутилмоқда.

Семинар якунида ёмғирлатиб суғориш технологияларини амалга татбиқ этиш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш ва белгиланган юмушларни сифатли бажариш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер