Дахлдорлик ҳиссининг ифодаси
Фото: Халқ сўзи
Республика Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н.Исмоилов бошчилигидаги бир гуруҳ депутатларнинг мамлакатимиз ҳудудларига ташрифи давом этмоқда. 2023 йил 4 апрель куни Навоий вилояти давлат ва жамият бошқаруви тизимининг турли объектлари, ижтимоий-иқтисодий соҳа муассасаларида қатор учрашувлар амалга оширилди. Уларда мамлакатимиз Конституциясининг янгиланишини тақозо этган тарихий, сиёсий ва ҳуқуқий ва маънавий-маърифий жараёнлар хусусида атрофлича сўз юритилди.
Хусусан, Навоий шаҳридаги учрашувда вилоятнинг бир қатор туманлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ва мамлакатимиз парламенти депутатлари ўртасида фикр алмашишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилиш иштирокчилари ўтказилаётган референдумни сўзсиз қўллаб-қувватлашлари ва унда фаолликка жаъват этишларини билдиришиб, янгиланаётган Конституция мамлакатимиз изчил ривожланишида тарихий аҳамият касб этишини таъкидладилар.
- Мамлакатимизнинг янгиланаётган Конституцияси қабул қилиниши учун барча имкониятларимизни ишга солишимиз керак, - дейди Навоий шаҳар Кенгаши депутати Анора Бобомуродова. – Зеро, референдумга тақдим этилган лойиҳа ўз руҳи ва мазмунига кўра давлат ваколатларини ҳимоя қилувчи эмас, балки оддий фуқароларнинг ҳуқуқларини кафолатловчи ҳужжат ҳамдир. Қабул қилиниши билан у мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросини қадрловчи “қўлланма”га айланади, чунки унда барча ҳуқуқ ва имкониятларимиз батафсил ва замонавий тарзда баён этилган.
Биз янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилиш масаласини ўз вақтида кўтардик. Эришилган натижаларни Бош қомус даражасида мустаҳкамлаб, келажак истиқболларини белгилаб олишимиз лозим. Ишончим комил, муваффақиятли якунланган референдумдан сўнг Ўзбекистон ўз фуқаролари номидан ишлайдиган энг демократик ва амалий жиҳатдан қимматли Конституцияга эга давлатга айланади.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистоннинг бугунги ҳаётидан аниқ мисоллар келтириб, жамиятимиз тараққиётида катта ижобий сакраш бўлганини ва жойларда одамлар ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг ортга қайтмаслиги тарафдори эканини, аввалги шарт-шароитларга қайтмасликни кафолатлайдиган нормаларни Конституция даражаси ҳар томонлама мустаҳкамлашга интилаётганларини таъкидладилар.
Йиғилишда Референдумдаги фаоллик мамлакат ва миллат келажагига дахлдорлик ҳиссининг ифодаси эканлиги аниқ далиллар билан таъкидланди.
Темур ЭШБОЕВ,
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг