“Дадажон, онажон, энди сизларни эшитяпман...”

15:15 17 Ноябрь 2021 Жамият
759 0

Фото: "Халқ сўзи"

Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳридаги  90-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатида эшитишда нуқсони бўлган 202 нафар ўқувчига 97 нафар ўқитувчи ҳамда 50 нафар тарбиячи ғамхўрлик қилади. Замонавий ўқув бинолари, шинам ошхона ва ўқувчилар турар жойида барча қулайликлар муҳайё қилинган.

Куни кеча “Zamin” халқаро жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги,  соғлиқни сақлаш, халқ таълими, мактабгача таълим вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилаётган “Мен эшитишни хоҳлайман” лойиҳаси доирасида ушбу таълим маскани ўқувчиларига ҳам эшитиш мосламалари топширилди. Мактаб-интернатнинг 185 нафар ўғил-қизларига бепул тарзда етказиб берилган “Resound HI, EQ998-DWT” замонавий эшитиш мосламаси тиббиёт ходимлари томонидан назоратдан ўтказилгандан кейин фойдаланиш учун тавсия этилди.

Маълумотларга қараганда, ҳозирда мамлакатимизда 15 минг нафарга яқин инсон эшитиш қобилиятида туғма ёки орттирилган заифлик билан яшамоқда. Улар орасида  болалар ҳам кўпчилик эканлигини инобатга олиб, “Zamin” фонди эшитиш қобилияти заиф ўғил-қизлар учун махсус таълимни ривожлантириш дастурини тақдим этди. Лойиҳа доирасида юртимиз бўйлаб жарроҳлик амалиёти йўли билан ўқувчиларнинг эшитиш қобилиятини тиклаш, махсус эшитиш мосламасини бепул тақдим этиш ишлари амалга ошириляпти.

улоғимда ҳамиша қандайдир шовқинли овоз эшитилиб тураверарди,— дейди мактаб-интернатнинг битирувчи синф ўқувчиси Ҳавасхон Султоналиева.— Бундай муаммо билан ўқиш жуда оғир... Гапиришса-ю, эшитмасам, жуда ҳам хафа бўлардим. Тенгдошларим даврасида бўлишдан уялардим. Энди эса мен ҳам эшитяпман. Бу қувончли янгиликни ота-онамга етказиб, онажонимнинг “Сени яхши кўрамиз, қизим” деган сўзларини илк бор ўз қулоғим билан эшитиб, беҳад қувондим.

Бу қандай бахт! Дадажон, онажон, энди сизларни эшитяпман...

            Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.   

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер