“Дадажон, мени олиб кетинг...”

12:47 03 Декабрь 2021 Жамият
790 0

Фото: «Халқ сўзи»

Нодиржоннинг кўзлари олазарак, келган-кетганлар орасидан отасини излайди. “Дадажон, мени олиб кетинг!” деб кимни кўрса, қўлчаларини узатади. Кўзларидан оқаётган мунчоқдек ёшга қараб эзилиб кетади киши...

Бирдан у югуриб келиб, Халқаро ногиронлар куни муносабати билан болаларга совға улашаётган ҳарбий йигит оёқларини қучоқлади: “Дадажон, мени олиб кетинг!”

Йигит ноқулай ҳолатга тушиб қолди. Тарбиячи келибоқ болани ундан ажратиб олар экан, йигитнинг кўзларидан ёш оқаётганини сезди.

— Бола-да, ҳар кўрган эркакни отам деб ўйлайди, — дейди Қарши Мурувват уйи директори вазифасини бажарувчи Нилуфар Хайруллаева. — Бу ерда 293 нафар ақлий ва қўл-оёғида нуқсони бўлган болалар тарбияланади. Жисмоний ҳолатига қараб уларни гуруҳларга ажратганмиз. Баъзиларининг ота-оналари келиб туради. Лекин кимни кўрса, отасига ўхшатаётган бу бола  ва у каби бир неча тарбияланувчиларимиз ота-оналари умуман хабар олмайди. Тан олиш керак, давлатимиз бундай болаларга меҳр-муҳаббат кўрсатмоқда. Айниқса, Мурувват уйидан  қадами узилмайдиган, қучоғини тўлдириб совғалар кўтариб келаётган ҳомий ташкилотларга ўз миннатдорлигимизни  билдирамиз.

3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ушбу Мурувват  уйида ҳам хайрия тадбири ўтказилди. Унда партиялар, ҳарбий қисм ва бошқа ташкилотлар вакиллари совға-саломлар билан келиб, болажонлар дардини унутишга, мурғак кўнгиларига қувонч олиб киришга муваффақ бўлишди.

— Фарзанд дунёга келдими, демак, унда яшаш ҳуқуқи бор, бу ҳуқуқни чеклашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, — дейди 1329-сонли ҳарбий қисм командирининг тарбиявий-мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, майор Маъруф Мусаев. — Бугун Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ҳарбий қисмимиз зобит ва аскарлари ташаббуси билан ногиронлиги бор ўғил-қизлар ҳолидан хабар олиш учун келдик. Биз улашган савға-саломлар улар қалбига озгина бўлса-да, қувонч олиб кирган бўлса, бундан жуда мамнунмиз. 

Байрам тадбирида Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юрти ёш оркестри жамоаси томонидан ижро этилган мусиқалар болажонлар дилини яйратди.

Фахриддин Бозоров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер